Мажид Каримов: "Ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентлар бали етса, ҳеч қандай муаммосиз талаба бўлади"

Мажид Каримов: "Ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентлар бали етса, ҳеч қандай муаммосиз талаба бўлади"

ОТМларга кириш учун ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентларнинг имтиёзи ҳисобланмай қолгани ортидан улар бир неча марта Давлат тест маркази биноси олдида тўпланди. Биринчи марта 5 октябрда норозилик билдирган абитуриентлар бугун ҳам Давлат тест маркази биноси олдига йиғилган.

Муаммо 1 800 абитуриентнинг ҳарбий тавсиянома имтиёзи ОТМларга кириш имтиҳони жараёнида тасдиқланмай ва оқибатда, умумий квотадан ташқари 5 фоизлик квота доирасида ҳисобланмай қолгани билан боғлиқ. Имтиёзи ҳисобланмаган абитуриентларнинг аксари ўзи ҳужжат топширган ОТМларнинг «ҳарбийлар учун ўтиш балли»дан юқорироқ тўплаган бўлса-да, талабаликка қабул қилинмаган.

Бугун ижтимоий тармоқларда Давлат тест маркази директори Мажид Каримовнинг абитуриентлар билан учрашганида тушунтириш берган овозли ёзуви тарқалди. Овоз айнан Мажид Каримовга тегишли эканини ДТМ матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлади.

Мажид Каримовнинг тушунтиришича, ҳарбий тавсиянома билан рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг тавсияномалари тасдиқлаш учун тегишли вазирликларга юборилган. Тавсияномаларнинг 1 800таси вазирликлар томонидан тасдиқлаб берилмаган. Шунинг учун улар имтиҳонда алоҳида квотада ҳисобланмаган.

«Ҳозир имтиёзларни ҳисоблаш ишлари бормоқда. Бош вазир қолиб кетган барча ҳарбий имтиёзларни тасдиқлаб, қайта кўриб чиқиш топшириғини берган. 1 800та имтиёзнинг катта қисми тасдиқлаб берилди, фақат маълум қисми тасдиқланиши кутилмоқда. Агар кимнинг имтиёзи асосли бўлса, муаммоси ҳал бўлади, асоссиз бўлса ҳам, биз изоҳини берамиз.

Агар баллингиз тортилган чизиқдан тепада бўлса, ҳаммангиз талаба бўласиз. Қабул комиссияси раисининг шахсан ўзи қўшимча квота берилишини ва ҳарбий имтиёзи тасдиқланадиганларнинг талабаликка қабул қилинишини айтган. Бундан олдин талаба бўлганлар ҳам чизиқдан пастга тушиб кетмайди», – деган Мажид Каримов абитуриентлар билан учрашувда.

Унинг қўшимча қилишича, абитуриентлар «яна озгина кутиб туришлари керак. Узоғи билан 3-4 кунда иш тугайди. Ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида кирган-кирмагани ёзилади».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!