Мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди

Мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди

Сўнгги бир ҳафта ичида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч тармоқларига фуқаролардан 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Бугунги кунда мазкур мурожаатлар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, Наманган шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Давлатобод бўлими бошлиғи Ҳабибулло Зокировнинг бўлим ходимларидан пахта йиғим-теримига бориш юзасидан розилик хатларини мажбурий тарзда ёздириб олгани аниқланган ва шунга мувофиқ, Ҳ.Зокиров Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари, яъни 184 300 сўм микдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятида ҳам кузатилди. Қибрай тумани ДСЭНМ раҳбари Абдусамат Қурбанов мажбурий тарзда Қибрай туманида жойлашган 53 та хусусий корхоналардан пахта йиғим-теримига теримчи топиб беришни талаб этган. Шу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг @mehnathuquqbot телеграм тармоғига аноним йўлланган мурожаатга асосан текшириш ишлари ўтказилди ва А.Қурбоновга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари миқдорида жарима пули тайинланди.

Навоий вилояти Навбаҳор тумани «Жамбул» насос станцияси бўлим бошлиғи Марат Азимов бўлим ходимларидан бирини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилди.

Пахтакор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Эргашев А. томонидан якка тартибдаги тадбиркорларни пахта теришга мажбурлаганлиги аниқланди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида мурожаатчининг берган тушунтириш хатида пахта теримига солиқ органи мансабдор шахслари томонидан мажбурлаганлиги кўрсатилган. Текширувлар натижасида, Пахтакор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Эргашев А. га мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб болади.

Ҳудудлар бўйича энг кўп мурожаатлар Тошкент (22 та мурожаат), Фарғона (19), Қорақалпоғистон (16), Андижон (16), Самарқанд (16) вилоятларидан юборилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мурожаатларнинг 20 дан ортиғида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати аниқланмаган. Қолган мурожаатлар бўйича жойларда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Вазирлик Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнат тақиқланиши ва бунга асло йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтди. «Агар мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатига дуч келсангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг @mehnathuquqbot телеграм тармоғи ёки +99871 200−06−01 ишонч телефон рақамларига мурожаат қилинг!» — дейилади мурожаатда.

Manba: gazeta.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!