Мажбурий мактаб формасига пул тикиб қўйган тадбиркорлар банкрот бўладими?

Мажбурий мактаб формасига пул тикиб қўйган тадбиркорлар банкрот бўладими?

Мажбурий мактаб формасини жорий қилиш кечиктирилгани ҳақида хабар бериб ўтилган эди. Мактаб формасини тикиш ва сотиш бўйича иш бошлаган тадбиркорлар бунинг ортидан банкрот бўлишлари мумкин. Бу ҳақда уларнинг ўзи халқ таълими вазирлигида бўлган учрашув давомида билдиришди.

Халқ таълими вазирлигида 2019 йил 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сонли Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат этган бир қатор тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 30 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.

Суҳбат жараёнида тадбиркорлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори юзасидан оммавий ахборот воситаларида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мажбурий ягона замонавий формасига ўтилишига доир чиқишлар, улардаги турли хил қарашларга муносабат билдиришсўралди.

Хусусан, янги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун мактаб формаларининг ихтиёрий деб маълум қилингани, шунингдек мажбурий этиб белгиланиш муддати жуда кечга суриб юборилиши ҳақидаги ахборотлар тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдосини ташкил этишда салбий таъсир кўрсатаётганлиги, сотилган маҳсулотларни ота-оналар қайтариб келаётганлиги ҳам учраётгани, шу билан бирга тадбиркорларнинг аксарияти мазкур ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банклардан кредитлар олганлиги сабабли бундай ҳолат охир-оқибатда уларни банкрот ҳолатига олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу эса ўз навбатида жойларда ишчи ўринлар камайишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар қарор билан тасдиқланган форма фасонлари ва уларни тикишда қўлланиладиган матолар ота-оналар томонидан маъқулланаётганлигини билдирди. Жойлардаги учрашувларда ота-оналарнинг аксарияти ушбу формани жорий этиш таклифини маъқуллашаётгани, кимдадир уни сотиб олишга молиявий қийинчилик бўлса, уларга имкон борича тадбиркорлар ёрдам беришга ҳаракат қилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан шу кунга қадар тикилган мактаб формаси савдосини ташкил қилиш жараёнида чин етимларга – бепул, кам таъминланганларга – имтиёзли равишда етказиб бериш бўйича ҳам ташаббус кўрсатиш билдирилди.

Халқ таълими вазири ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори ўз кучини йўқотмаганлиги, шу билан бирга кўплаб ота-оналар, айниқса кўп фарзандли, эҳтиёжманд оилалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда вазирликка келиб тушаётган эътирозларни инобатга олган ҳолда мажбурий мактаб формасига ўтиш муддатини кечиктириш зарурияти туғилганлиги ҳақида тушунтириш берди.

Учрашувда 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорида белгиланган мактаб формаларидан ташқари бошқа фасондаги формаларни марказлашган ҳолда харид қилишга йўл қўйилмаслиги ҳамда ота-оналарга жойларда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан белгиланган тадбиркорлар маҳсулотларини харид қилиш бўйича барча мутасадди раҳбарларга кўрсатма берилиши таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!