Маҳбусдан президентга айланган Жапаров: Қирғизистон ўз "Трамп"ига эга бўлдими?

Маҳбусдан президентга айланган Жапаров: Қирғизистон ўз "Трамп"ига эга бўлдими?

Собиқ маҳбусдан бош вазирга айланган миллатчи Садир Жапаров Қирғизистондаги президентлик сайловларида катта устунлик билан ғалаба қозонди, деб ёзади Financial Times халқаро бизнес газетаси.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Жапаров қамоқдан мамлакатнинг собиқ президенти ва унинг ҳукуматига қарши қўзғолон вақтида озод қилинганди. Озодликдан кейин Жапаров бош вазир, кейин эса президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу Марказий Осиё давлатида 2005 йилдан бери давлат раҳбарининг учинчи ағдарилиши эди.

Ушбу тезкор ҳокимият алмашинуви Қирғизистондаги беқарорликни, шунингдек республикада минтақалар ўртасида тўқнашувларнинг мавжудлигини аниқ кўрсатиб берди, бу эса мамлакатни кексайиб қолган диктаторлар ва автократиялар ҳукмрон бўлган минтақадаги ягона кўп партияли демократик давлатга айлантирди.

Бироқ, сиёсий нотинчлик ва миллатчи қирғизнинг ҳокимият тепасига келиши Россияда хавотирни кучайтирди, чунки у мамлакатда ҳарбий базага эга ва бу пост-советдан кейинги Марказий Осиё минтақасига таъсир ўтказиш учун Хитой билан курашмоқда, дея таъкидлайди мақола муаллифи.

Бироқ, Жапаров юз минглаб қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат қилаётган Россия билан яқин алоқаларни давом эттириш нияти борлигини эълон қилди, уларнинг пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётининг ҳал қилувчи устунини ташкил этади.

"Россия бизнинг стратегик шеригимиз", деди Жапаров якшанба куни журналистларга Бишкекдаги сайлов участкасида сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлаб қўяркан.

Мамлакат сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, 52 ёшли Жапаров 81 фоиз овоз олган.

Жапаровнинг ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш учун бир вақтнинг ўзида миллий референдум ўтказилди ва унинг иштирокчиларининг 81,3 фоизи мамлакат парламентининг таъсирини камайтириш орқали президент ролини кучайтириш таклифини қўллаб-қувватладилар, бу баъзи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, мамлакатда сиёсий плюрализмга путур етказиши мумкин.

Вашингтонда жойлашган Халқаро хавфсизлик ишлари коллежи ассистенти профессор Эрик Марат Жапаровни "Қирғиз Трампи" деб атади, унинг сайланиши "яна бир ўзгарувчан ва қаттиқ авторитаризмнинг бошланиши" бўлиши мумкин.

"Президентлик тизимининг жорий этилиши битта мақсадга хизмат қилади – "Қирғиз Трампи"нинг кучини амалдаги Конституция рухсат берганидан кўпроқ ошириш, шунингдек, Путин, Назарбоев ва бошқалардан ўрнак олиб, унинг марказий ролини ифода этиш", - дея таъкидлади у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!