Маҳалла раисига таҳдид: "Ё ўн икки миллион берасан, ёки қаматиб юбораман"

Маҳалла раисига таҳдид: "Ё ўн икки миллион берасан, ёки қаматиб юбораман"

Халқимиз туҳмат тошни ёради, тошни ёрмаса, бошни ёради, деб бежизга айтмаган. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда хусумат, бўҳтон, туҳмат — энг оғир иллатлардан саналади. Кимнингдир хусумати туфайли айбсиз одамнинг асаблари қақшайди. Бўҳтон бўронига дучор, туҳмат тошига нишон бўлган одам ҳақиқат юзага чиққунига қадар эл орасида боши эгилади, азият чекади. Бундай иллатлар одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиш билан бирга жамият ҳаётига соя ташлаши билан ҳам ўта хавфлидир.

Шу ўринда ҳаё­тий мисолларга эъ­тибор қаратсак, Мамадиёр Сафаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2013 йилнинг май ойида фуқаролар ўзини ўзи бошқа­риш органлари сайловида маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасига сайланганди. У уч йил ушбу лавозимда фаолият юритди.

Кейинги гал — 2016 йил май ойида маҳалла фуқаролар йиғини раислигига уч нафар кишининг номзоди қўйилди. Улар орасида олий маълумотли ўқитувчи Баҳром Алимовнинг ҳам номзоди бор эди.

Сайловчи вакиллар уч номзод орасидан Б. Алимовга кўп овоз беришган экан, шу сабабли у маҳалла раиси лавозимини эгаллайди.

Баҳром Алимовга сайловчи вакиллар кўпроқ ишонч билдирганининг бошқа томони ҳам йўқ эмасди. Чунки замон ўзгарди, маҳалланинг фаолияти тубдан кенгайди. Эндиликда ўрта ёки ўрта махсус маълумотли эмас, балки олий маълумотли, халқ ишончини оқлай оладиган, тажрибали, билимдон раҳбар маҳаллага бош бўлишини ҳаётнинг ўзи тақоза этмоқда.

Албатта, бу масъулиятни чу­­қур ҳис этган Б. Алимов елиб-югуриб ишлади. Бу орада вақт ўтиб, яна ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови муддати яқинлашаётганди. Аниқроғи, 2019 йилнинг май ойида маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловчи вакиллар томонидан сайланиши лозим эди.

Сайловга бир ой муддат қолганда собиқ раис Мамадиёр Сафаров Баҳром Алимовга келиб учрашади ва кутилмаганда, ғалати талабни қўяди:

— Бу сафар сен маҳалла раислигига номзодингни қўй­­майсан!

Б. Алимов, табиийки, бу­ни эшитиб, ҳайрон қолади ва сабабини сўрайди.

— Номзодингни қўйма, дедимми, қўйма, бир сафар ўт­казиб юбор, одамлар сендан норози бўляпти, — дейди М. Сафаров.

Б. Алимов унинг бу гапини эшитиб, баттар ҳайрати ортади, «одамлар норози бўл­са, бундан биринчи навбатда, ўзим хабар топишим керак эди-ку?!» — деган ўй кўнглидан ўтади. Шунинг учун у «халқ қайта сайласа, ишлайвераман» дея жавоб беради.

М. Сафаров англадики, Б. Алимов отдан тушса ҳам, эгардан тушадиган эмас. Шу боис, у сайлов муддати келгунига қадар отни қамчилашга тушади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Алимовнинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи органларга ши­коят­ хатлари ёзади. Вилоят ҳокимлиги «Ишонч телефони»га хабар жўнатади.

Шикоят хатларида маҳалла ҳудудидаги туман ҳокимлиги захира ерларини Б. Алимов фуқароларга сотгани, ўқитувчи бўла туриб, мактабда ўқувчиларга дарс бермаётгани, маҳалла фуқароларининг уй-жой кадастр ҳужжатларини тайёрлашда ҳар бир хонадон эгасидан 200 АҚШ доллардан олгани сингари бўҳтон ва туҳматдан иборат далилларни баён этади.

Бу туҳматларни эшитиб, Б. Алимовнинг асаблари қақ­шайди ва Мамадиёр Сафаровга учрашиб, нима мақсадда устидан ёлғон аризалар ёзаётганининг сабабини сў­райди.

— Сен маҳалла раислигидан бўшашинг керак, — дейди М. Сафаров безбетларча. — Ана шунда шикоят ёзиш тўхтатилади.

Б. Алимов бу гал ҳам М. Сафаровнинг талабига «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб бермайди. Май ойи келгач, сайлов бў­либ ўтади. Сайловда етмиш беш фоиз овоз билан Баҳром Алимов яна маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланади.

Ўшанда 2019 йилнинг 4 декабри, Б. Алимов мактабда эди. Маҳаллада яшовчи Абдуғани Эргашев уни излаб келади.

— Мени Мамадиёр ака жў­натди, — дейди у. — Сизни у киши билан яраштириб қўй­моқчиман.

— Майли, ярашаман, бунинг учун нима қилишим керак? — деб сўрайди Б. Алимов.

Шундан сўнг А. Эргашев мақсад-муддаога ўтади: М. Сафаровга пул бериши керак экан, ўшанда шикоят ёзишни тўхтатармиш.

Б. Алимов, табиийки, қанча пул бериши кераклигини сў­райди. А. Эргашев эса, М. Сафаров билан гаплашиб, натижасини маълум қилишини айтади.

Орадан бир кун ўтгач, А. Эргашев Баҳромга қўнғироқ қилади.

— Агар 12 миллион сўм берсангиз, яраштириб қўя­ман, сизни бошқа безовта қил­майди, ариза ёзмайди, ёзган аризаларини ҳам қайтариб олади, — дейди у. — Агар пулни тўлиқ бермасангиз, ишдан олдириб, қаматиб юборади…

Б. Алимов бунча пули йўқ эканини айтиб, «ўйлаб кў­рай» дея жавоб беради.

Эртаси куни А. Эргашев яна қўнғироқ қилганда, Б. Алимов «устимдан ариза ёзишни тўхтатса, майли, 6 миллион сўм бераман», дейди.

Хуллас, эртаси куни А. Эргашев Б. Алимовга қўнғироқ қилиб, 6 миллион сўм устига яна 1 миллион сўм қўшиши лозимлигини айтади.

Б. Алимов улар сўраган 7 миллион сўмни беришга ваъда қилади.

М. Сафаров шикоят аризалари бўҳтон ва туҳматдан иборатлиги туфайли бирон-бир натижа чиқмаётгани сабабли А. Эргашевни ўзига шерик қилиб олган ва товламачилик йўли билан жиноий даромад топишни кўзлаган эди. 11 декабрь куни эрталаб Б. Алимов бир миллион сўм пул билан А. Эргашевнинг ҳовлисига кириб боради. У пулни А. Эргашевга бераётиб, «бу ерда бир миллион сўм, қолганини бир-икки кунда топиб бераман», дейди.

А. Эргашев эса, дарҳол М. Сафаровга қўнғироқ қилиб, «Баҳром менга келишилган пулдан бир миллион сўмини олиб келди, қолганини бир-икки кунда бераркан», — дея уни хабардор қилади.

— Майли, — жавоб қайтаради нариги томондан М. Сафаров.

Баҳром Алимов ўзининг қўл телефони диктофонига товламачилар ўртасида бўлиб ўт­ган ана шу суҳбатни ёзиб олган эди.

Шундан сўнг у тегишли идорага ариза билан мурожаат қилиб, диктофонга ёзиб олинган суҳбатни ҳам тақдим этади.

Департамент ходимлари томонидан ариза юзасидан холислар иштирокида жами 6 миллион сўм пул тайёрланади. Пуллардан ўн дона 10 минг сўмлик купюрадаги пулларга кимёвий ишлов берилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилади.

Воқеанинг бу ёғини эшитадиган бўлсангиз, Б. Алимов А. Эргашевга телефон қилиб, Мамадиёр ака билан бирга учаласи ошхонада ўтириб, овқатланишса, пулнинг қолганини ўша ерда бериш ниятида эканини айтади. Шундан сўнг 14 декабрь куни соат 16. 30 ларда А. Эргашев уни «Олтин ба­лиқ» ошхонасига таклиф этади.

Аммо ошхонада Б. Алимовни А. Эргашевнинг ёлғиз ўзи кутиб олади.

У М. Сафаров келмаслиги, барча ишни ўзи ҳал қилишини айтади.

Қисқаси, А. Эргашев ҳаром луқма — 6 миллион сўмни олган чоғида далилий ашё билан қўлга тушади.

Ушбу жиноят ишини судда мазмунан кўриш жараёнида жабрланувчи Б. Алимов судланувчи М. Сафаров ҳамда А. Эргашевлар билан бир қишлоқда яшаши ва ҳатто қариндошлик ришталари бор эканини айтиб, уларга нисбатан даъвоси йўқ эканини билдирди.

Суд дастлабки тергов ор­гани томонидан судланувчилар М. Сафаров ва А. Эргашевнинг бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, пул талаб қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан тўғ­ри малакаланган деб ҳисоблади.

Суд ҳар иккала судланувчига нисбатан жазо тайинлашда айбларига қисман иқрорлиги, қилмишларидан чин кўн­гилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва жабрланувчининг даъвоси йўқ­ли­гини инобатга олди. Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорида кўрсатилган раҳбарий тушунтиришларига амал қилди. Жиноят кодексининг 57-моддасини қўл­лаб, айбдор деб топилаётган модданинг санкциясида назарда тутилмаган бошқа турдаги енгилроқ жазо тайинлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.

Суд судланувчи М. Сафаров ва А. Эргашевни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топиб, тўрт йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, хусумат ва туҳмат юқорида гувоҳи бўлганимиздек, товламачилик жиноятига йўл очди. Бундан жабрланувчи азият чекди, албатта. Бироқ қонунларимиз уни ҳимоя қилди. Товламачилар суднинг қора курсисида ўтириб, қилмишлари учун жавоб беришди.

Темур АЛМАМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

 Каттақўрғон тумани судининг раиси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!