Маҳалла раиси профилактика инспекторини лавозимидан олиш бўйича тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди

Маҳалла раиси профилактика инспекторини лавозимидан олиш бўйича тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди

“Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан, фуқаролар йиғини раисига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар берилди.

Жумладан, фуқаролар йиғини раиси тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги, ҳудудий ички ишлар бош бошқармалари ҳамда бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Профилактика инспекторлари 5 йил муддатга лавозимга тайинланади, уларни ушбу муддат давомида бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланади (юқори турувчи раҳбарлик лавозимга ўтказиш ёхуд қонун ёки ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш ҳолатлари бундан мустасно).

Шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг таркибидаги бўлимлари ва ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари устуворлик асосида профилактика инспектори лавозимида камида 5 йил ишлаган ходимлари орасидан тайинланади.

Профилактика инспекторлари лавозимларига, қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар тайинланади.

Фармон билан, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига – профилактика инспекторларини хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.

Manba: Nnews. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!