Маданият вазирлиги оммавий маданият билан курашда совет эстрадаси анъаналаридан фойдаланмоқчи

Маданият вазирлиги оммавий маданият билан курашда совет эстрадаси анъаналаридан фойдаланмоқчи

Ўзбекистон маданият вазирлиги оммавий маданиятга қарши курашда совет эстрадаси анъаналаридан фойдаланади. Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев савиясиз эстрада қўшиқларига қарши уруш эълон қилди ва совет эстрадаси анъаналарини сифат эталони ва намуна қилиб кўрсатиб, улардан ўрнак олишга чақирди. Бу ҳақида Podrobno.uz хабар бермоқда.

«Миллий эстраданинг савияси тушиб кетди, – дея нолиди вазир ва тижорий телеканалларни «Ўзбекконцерт» амалга ошираётган цензурага халал бераётганликда айблади. – «Ўзбекконцерт»да қўшиқларни текширувчи ва хонандаларга ёрдам берувчи бадиий кенгаш бор. Давлат каналлари артистлардан лицензия сўрайди. Бироқ ҳусусий телерадиоканаллар қўшиқларни битта қўймай эфирга бериб юбориб, бизнинг ишимизни бир пул қилишмоқда».

Сайфуллаев "масалани ҳал қилишни" ваъда қилди. Унинг айтишича, бунда маданият тўғрисидаги қонун ёрдам беради, қонун лойиҳаси аллақачон тайёрланиб, кўриб чиқиш учун парламентнинг қуйи палатасига тақдим этилган.

Вазирнинг таъкидлашича, "кураш" сўзини мажозий тушуниш керак. Гап тақиқлар ҳақида эмас, қолганини ўз кетидан эргаштира оладиган маданият соҳаларини паралел ривожлантириш ҳақида кетяпти.

Ҳозирги "савиясиз оммавий маданиятга" муқобил сифатида вазир совет эстрадасини тиклашни таклиф қилди. У 1970 йили ташкил топган, «Чойхона», «Учқудуқ» каби қўшиқлари билан бутун СССРда донг таратган «Ялла» вокал-инструментал ансамблини, 1957 йили Мукаррама Турғунбоева асос солган «Баҳор» рақс ансамблини кўрсатди ва уларнинг тажрибаларини ўрганишга чақирди.

«Биз "Ялла" ансамбли анъаналарини сақлаб қолишимиз, уларни мусиқа мактабларида ўргатишимиз керак. "Ялла"нинг аввалги шуҳратини тиклашимиз шарт», – деди Сайфуллаев.

Маданият вазирининг сўзларига кўра президент Шавкат Мирзиёев «Баҳор» ансамблини тиклаш ҳақида топшириқ берган. «Биз давлат бошлиғининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқдик, ҳозир у кўриб чиқилаяпти, тез орада ансамблни тиклаймиз, – дея ваъда қилди вазир. – Янги ансамблда қирқта раққоса ва йигирмата созанда бўлади. Ҳозирча унга ким раҳбарлик қилиши аниқ эмас».

Сайфуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон маданият соҳасида кўп нарсаларни бой берган, энди шуларни тиклаши керак. Бироқ бунда совет тажрибасидан фойдаланишга тўғри келади. Масалан, вазир "мустақиллик йилларида ўз ҳолига ташлаб қўйилган" маданият клубларини бутун республикада тиклаш чораларини кўрмоқчи.

Илгари Ўзбекистонда эстрада жанрларининг "тозалигига" асосан «Ўзбекконцерт» бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров курашган, у артистларга ўз клипларида "миллий менталитет ва умуминсоний қадриятларга" зид бўлган ҳамма нарсани кўрсатишни тақиқлаган ва саҳна мутойибаси сифатини яхшилашга жиддий киришган эди. Феврал ойида «Ўзбекконцерт» бадиий кенгаши репертуарида сўкишлардан фойдалангани учун «Браво» жамоаси ва актриса Ҳалима Иброҳимовани лицензиядан маҳрум этган ва намунали Мутойибачилар клубини тузмоқчи бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!