Маданият вазири Озодбек Назарбеков коронавирус ҳақида қўшиқ куйлади

Маданият вазири Озодбек Назарбеков коронавирус ҳақида қўшиқ куйлади

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков коронавирус хавфи пайдо бўлган бир даврда халқни покликка тарғиб этувчи қўшиқ куйлади, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Назарбековнинг маълум қилишича, қўшиқни куйлаш ғояси карантин эълон қилинганининг илк кунларидаёқ пайдо бўлган. 

«Бутун дунёга бало келиши бежиз эмас: одамзод ўзлигини унутиб қўйган. Ер куррасида инсонийлик фазилатлари, қадрият ва соф муносабатлар унутилиб, инсоният наслига бўлган тажовузлар кузатилмоқда. Шуларни ўйлаб, вируснинг тарқалиши инсонларга, бизга, тафаккур этишимиз учун яна бир имкон эканига амин бўлдим», - деди вазир Назарбеков.

Озодбек Назарбековнинг фикрича, вирусга қарши кураш чоралари ҳам покликка ишора қилмоқда. Пандемиядан қутулишнинг чораси ҳам шу. 

«Эътибор қилсангиз, вирус биздан пок юришни талаб қиляпти. Демак, биз ҳам жисмонан, ҳам руҳан покликка интилишимиз керак», - дея қўшимча қилган у. 

Вазир ушбу фикрларни шоир Ботир Эргашевга билдирган. Шоир сўзлари билан мусиқачи Нодирбек Умаров ва Азиз Ҳолмуродовга мурожаат қилинган. 

«Назаримда, инсониятни илтижо қутқарадигандек, одамзод эса ожиз бўлиб қолди. Дунё устунлари саналган бир қатор ривожланган давлатлар ҳам вирус хавфи олдида ожизлигини кўрсатди. Шунинг учун қўшиқ оҳангида ҳам илтижо бўлиши керак, деган фикрга келдик»,  - дея қўшиқнинг пайдо бўлиши ҳақида гапириб берди у.  

Вазир поклик вирусдан қутқаради, дея, карантин қоидаларига риоя қилмаётганлар эса яқинлари соғлиғини ҳам хавф остига қўйишини айтди.

Қўшиқ «Бизларни афв эт» деб номланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!