Лўлиларнинг фарзандлари учун махсус синфлар очилди

Лўлиларнинг фарзандлари учун махсус синфлар очилди

Тожикистоннинг айрим минтақаларида лўлиларнинг фарзандлари учун махсус синфлар очилди. Бу синфларда шарқий циганлар оилаларининг фарзандлари биринчи синфдан тўртинчи синфгача ўқитилади. Айрим Халқаро ташкилотлар Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, лўлиларнинг фарзандлари билим олишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш лозимлигини талаб қилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Расмийларнинг айтишларича, лўлиларга миллий озчилик сифатида барча шароитларни яратиб беришган, аммо лўлиларнинг ўзлари таълим олишни исташмаяпти. Бундан ташқари лўлилар фарзанд туғилгани борасида гувоҳнома олмайди ва шу сабабли ҳам уларни ҳисобга олиш ва мактабга жалб қилиш энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.

Фаришта 10 ёшда ва лўли оиласининг фарзанди. Варзоб туманидаги Жағатай қишлоғида истиқомат қилувчи бу қиз бу йил илк бор мактабга боради. Қизча ярим ойдан бери бу ҳодисага тайёргарлик кўрмоқда. Унинг тенгдошлари учинчи синфда ўқишмоқда, аммо Фаришта эса эндигина рақам ва ҳарфларни ёзишни ўргана бошлади. Фариштанинг онаси Фарида Шарбатова ҳеч қачон мактаб остонасини ҳатлаб ўтмаган бўлиб, қизининг мактабга боришидан ўз хурсандчилигини яшира олмаяпти. У қизини 7 ёшда мактабга юбормаганидан жуда ҳам афсусда эканини, уч йилда қизи ўқиш ва ёзишни ўрганиб олиши мумкинлигини айтди.

Шу билан бирга БМТ ваколатхонаси баёнот бериб тожик расмийлари лўли элати вакилларининг ҳуқуқий ва ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида алоҳида дастур тайёрламаётганини маълум қилган ва Тожикистон ҳукуматига бу муаммога нисбатан қарашларини ўзгартиришни тавсия қилган эди.

Тожикистон болалар омбудсмани Раджабмох Хабибулло шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга лўлиларнинг фарзандлари таълим оладиган мактабларда ўтказилган текширувларда “уларнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилганини” қайд қилган эди. Унинг сўзларига қараганда, шу йилнинг иккинчи ярим йиллигида Дўсти, Балхи ва Лахш туманларида миллий озчилик болаларини қамраб оладиган мактаб таълимлари учун махсус дастур ҳаётга татбиқ этилади.

Расмий маълумотларга қараганда, айни дамда республиканинг барча мактабларида лўлилар оиласининг 1 минг 329 нафар боласи таҳсил олади. 

Бу халқнинг минглаб вакиллари Пенжикент, Ҳиссор, Вахдат, Восе ва Балхи туманларида истиқомат қилади. Тарихчиларнинг фикрича, шарқий циганлар Ўрта Осиё минтақасига беш-олти аср муқаддам Ҳиндистондан келиб қолишган. Улар келган ҳар бир давлатда маҳаллий тилни ўзлаштириб олишга ҳаракат қилишади, бироқ шу билан бирга ўзларининг урф-одатларидан воз кечишмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!