Лукашенко Россиянинг Беларусдаги сайловларга аралашаётганини маълум қилди

Лукашенко Россиянинг Беларусдаги сайловларга аралашаётганини маълум қилди

«Улар (ҳукуматга қарши мухолифат) бизни нохолисликка чорламоқда, мухолифат ўзини қандай тутмоқда? Уларнинг ортида қўғирчоқ ўйнатувчилар тургани кундек равшан. Бири у томондан, бошқаси бу томондан фикрини ўтказишга уринмоқда. Улар Польшада ҳам яшашади, Россиядан ҳам турли материаллар юборишади. Бу ҳақда президент Путин билан яқин орада ўтказиладиган учрашувда муҳокама қилиб оламиз, лекин вазият жуда мураккаб», – деган Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, бунда энг замонавий сохта технологиялардан фойдаланилмоқда, Беларусда ўтадиган сайловлар, яъни давлатнинг ички ишига аралашиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Беларусь давлат раҳбари мисол тариқасида ижтимоий тармоқларда унинг ўғли Виктор Лукашенконинг Швейцариядаги ҳисоб рақамида 840 миллион доллардан кўпроқ бойлиги борлиги ҳақида тарқалган хабарни мисол қилган.

«Бу каби фейк хабарлар доим бўлиб келган. Бунга тайёр туришимиз, яшашда давом этиб, кураш олиб боришимиз зарур. Бу каби ахборотлар Россиядаги тузилмалар орқали мамлакат ҳудудига ташланмоқда. Бу бизнинг ички ахборот эмас. Маълум муддат ўтгач, улар узр сўраб маълумотни ўчириб ташлайди. Бироқ одамлар онгига шубҳа-гумонлар кириб улгуради», – дейди Лукашенко.

 

Россия Федерацияси вакиллари ҳам Лукашенконинг ушбу баёнотига жавоб қайтарган.

«Россия Федерацияси ҳеч қачон бошқа мамлакатнинг электорал жараёнларига аралашмаган ва аралашмоқчи ҳам эмас, айниқса, яқин иттифоқчи Беларуснинг ички сиёсатига аралашмайди», – дея Лукашенкога жавоб қайтарган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Маълум вақт аввал Лукашенко РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган ва Россия ҳамда Беларусни ўзаро уруштириб қўйиш имконсиз эканини таъкидлаганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!