КХДР Трампга қарши бораётган амалдорлар туфайли АҚШ билан келишув хавф остида қолганини билдирди

КХДР Трампга қарши бораётган амалдорлар туфайли АҚШ билан келишув хавф остида қолганини билдирди

КХДР Сингапурдаги саммитда Корея яриморолини ядросиз ҳудудга айлантириш бўйича келишувга эришилганидан кейин амалдорлар Дональд Трампга “қарши боришаётгани” учун АҚШ президенти маъмуриятини танқид қилди. Бу ҳақда Шимолий Корея БМТ ҳузуридаги миссия орқали баёнот берди.

Жумладан, Пхеньян ядровий қуролсизланиш бўйича берилган барча ваъдаларни бажараётганини таъкидлади.

“АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимдаги амалдорлари бизга қарши асоссиз айбловларни билдиришмоқда”, — дейилади КХДР баёнотида.

Пхеньян халқаро санкцияларнинг кучайишига нисбатан норозилик билдирган ва “Корея яриморолида қийинчилик билан эришилган барқарорлик муҳити сақланиб қолишига кафолат йўқлигини” маълум қилган.

“Биз яхши ниятда бошланган амаллар КХДР ва АҚШ ўртасидаги ишончсизлик деворини қулатишига ва ўзаро ишончни ўрнатишига умид қилгандик. Аммо АҚШ халқаро санкциялар ва КХДРга босим билан жавоб қайтарди”, — дейилади Шимолий Корея баёнотида.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар “барча аввалги маъмуриятлар ишлатиб кўрган ва муваффақиятсизликка учраган ўша эски сценарий”га ёпишмоқда.

Шу ҳафтада Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Шимолий Корея ядросизланиш бўйича олдинга силжиш қилмаганлигини ва АҚШ бу мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни бекор қилмаслигини билдирганди.

Vox нашрининг хабар беришича, Шимолий Корея АҚШ давлат котиби Майк Помпео таклиф этган ядровий қуролсизланиш бўйича жадвални рад этган.

Manba: kun.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!