Кушербаев “оёқ остида қолаётган пуллар” ҳақида гапирди

Кушербаев “оёқ остида қолаётган пуллар” ҳақида гапирди

"Тўйларда осмонга пул сочиш одати авжига чиқиб бормоқда экан. Интернетда тарқалаётган лавҳаларда ортиқча бойлик ва обрўни ошириш  сифатида кўринаётган бундай ишларнинг моҳиятида аслида билимсизлик ва тарбиядаги нуқсонлар ётибди. Кимга қандайлигини билмадим-у бироқ шу кунгача ҳавога сочилаётган бу каби пулларни шунчаки кўчадан супуриб топган бирор одамни кўрмаганман. 
 
Куни кеча Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлиб чет қишлоқлардаги одамларнинг турмуши, тупроғи билан яқиндан танишганимда буни яна бир бор танадан ўтказиш имкони бўлди. Тўғриси: йилда уч-тўрт маротаба ернинг шўрини ювиб, экин экиб оиласини боқаётган содда ва меҳнаткаш одамларни кўриб, уларнинг ҳар бир тийин даромади қанчалик машаққат эвазига бўлаётганлигини ҳис қилиш мумкин.
 
Тўй маросимларни ихчамлаштириш бўйича озгина бўлса-да ўзгаришлар бўлганлигини кўриб турибмиз. Сабаби бу борада қонуний чоралар белгиланди. 
Аммо шу вақтгача давлат рамзлари қаторида айтиладиган миллий валютани номойишкорона оёқ ости қилиш, сочиш, ёқиш ва ҳоказоларга қарши кўп гапирилса-да, бирор қатъий чора белгиланмади. Балки шу сабабдан шу даражага етиб келгандирмиз. 
 
Одам бир нарса дейишгаям чўчиб қолди, шундоғам оғир. Бировга зарари тегмаса ҳам очиқ ҳавода маска тақмагани, «кўчада пешонасига мақсадини ёзиб» юрмагани, машинасини ичига қанақадир пленка тақмагани учун одамларни жавобгар қиладиган лойиҳалар ишлаб чиқишга «уста» бўлиб кетган бир вақтда «пулдор»ларнинг бундай эркаликларига кўз юмиб юрибмиз.
 
Мамлакат, халқ обрўси, келажаги билан боғлиқ ҳеч бўлмаганда давлат рамзларига ҳурмат нуқтаи назаридан миллий валютага ҳурматсизлиқ, оёқ ости қилганлик учун жавоб бериш керакмасми? 
 
Пул топиб ақл топмаганлар, деб шу жойига айтса керак.
 
Бу гаплар ҳаммага ҳам тегишлимас"

Расул Кушербаев, депутат  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!