Кўрмаганнинг кўргани ёхуд карантиндаги дод-войлар

Кўрмаганнинг кўргани ёхуд карантиндаги дод-войлар

Бугунги кунда Ўзбекистонда 80 мингдан ортиқ киши карантинда сақланиб турибди. Бу, албатта, кимнингдир инжиқлиги ёки хоҳиши туфайли эмас, шунчаки мураккаб вазият тақозоси.

Карантин шароитлари табиийки хилма-хил. Дастлаб келганлар махсус санаторийларга жойлаштирилди. Кейин сиҳатгоҳлар тўлиб боришига қараб шифохоналар, ётоқхоналарга вақтинча жойлаштиришлар бошланди. Шароит турлича бўлса-да, энг муҳим талаблар ҳамма жойда таъминланди – карантиндагиларга бепул овқат, ётоқ жой, доимий тиббий назорат ва зарур ҳолларда дори-дармон етказиб туриляпти.

Улар жойлашган ҳудуд мунтазам қўриқланяпти, тинчлик ва карантин режимини сақлаш учун бир неча хизматлар тун-у кун сафарбар қилинган.

Аммо мана шу вазиятни тушунмайдиган, ҳолатни кўра-била туриб норозилик билдирадиган, қаршилик кўрсатадиган ва қочиб кетишга уринганлар чиққани жуда қизиқ бўлди. Қочиб кетганлар тутиб келингани ва жазога тортилгани алоҳида мавзу. Ҳозир яратилган шароитлардан норози бўлганлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Дастлаб Қибрайдаги сиҳатгоҳларнинг бирига жойлаштирилганлар хоналар чанглиги, ҳаммомлар кўнгилдагидек эмаслигини атрофлича тасвирга тушириб, дод солиб чиқишди. Қизиғи, улар кўрсатаётган видеода инсон нафақат мураккаб вазиятда яшаб туриши, ҳатто дам олиш мақсадида ҳам маълум муддат бўлиши учун етарли шароит бор эди. Ачинарлиси, ўша дод-вой қилаётганлар аёл кишилар бўлиб, гап сўзларидан мутлақо соғлом эдилар.

Фото: Скриншот

Хўш, соғсан, аёл кишисан, вақтинг бемалол – сен ётадиган (аслида сен айтаётгандай ифлос ҳам бўлмаган) жойни кимдир келиб тозалаб бериши керакми? Ўзингни қўлингдан келмайдими?

Яна бири ёнма-ён қўйилган каравотлардаги оппоқ чойшабларни тортқилаб бу жойда ётмаслигини иддао қилади. Барака топгур, ҳеч ким сени дам олишга, ўйнаб кулишга олиб келгани йўқ. Бу 14 кунлик курорт эмас – карантин!

Россиядан келтирилганларнинг бир тоифасики ҳаммасидан ошиб тушди. Улар бир хонага 5-6 киши жойланганини, ҳаммом ва ҳожатхоналар умумий эканидан нолиб, айюҳаннос солишди.

Сал орқага қайтсак. Шу юртдошларимиз олиб келинмаганида, аэропортларда қолиб кетганларида нима бўларди? Ахир қанчаси қолиб ҳам кетди-ку. Майли, олиб келиниб, жойлаштирилган шароитдан, берилган овқатдан норози эканлар. Россияда шу пайтга қадар беш юлдузли VIP меҳмонхонада яшаб келишганми?

Россияда бир хонадонда ўнлаб, ётоқхоналар юзлаб кишилар бир жойда яшашларини ўз кўзимиз билан кўриб келганмиз-ку.

Фото: Скриншот

Вақти келса, битта нон кўтариб келмайди биров. Шунча шароит қилингани, 14 кунлаб 3-4 маҳал овқат берилганига айтилган раҳматми бу? Ёки имкон топилганида яна бир нолиб, ўз юртини имкон қадар ёмонотлиққа чиқариб, кимларнингдир олдида қаҳрамонга айланишга уринишми?

Ана шундай видеолар остидаги изоҳларда уларга жуда қизиқ таърифлар берилган. Оммага тақдим этиш мумкин бўлганларини таҳрирлаб келтириб ўтмоқдамиз.

«Москванинг аэропортида бир аҳволда ётгандинг-ку, қаерга бўлса ҳам олиб кетинглар, розиман, деб. Уйингда шароитинг зўр бўлса, уйингда ўтиргин эди, нима қиласан Россияда...»

* * *

«Ота-онаси ҳам шунақа шароит қилиб бермасди, яхшиликни билмайдиганлар... Жон десин, президент олиб келди, аслида олиб келмаслик керак экан. Яна қанақа шароит керак экан буларга?»

* * *

«Кеннойи, озгина кутиб турсангиз, жиз билан кабоб ҳам келади... Поллар чанг дейдими, сигир ҳам ётган жойини думи билан тозалаб ётади. Тозаланглар, аёлсизлар-ку»

* * *

«Иссиқ сув йўқ дедингми? Қишлоқларда одамлар совуқ сувни икки километрдан ташиб, ўтинда ёқиб иситяпти-ку. Ҳа ноинсоф...»

* * *

«Россияда вагонларда яшардинг, милицияни кўрсанг қочардинг, бу ерда шароит йўқ деб милицияга сакраяпсанми?»

 

Албатта, эҳтиросли масалада сўз борганда эҳтиросли сўзлар бўлиши табиий. Чунки шундай мураккаб вазиятда бу қадар ошкора норози бўлиш, қилинаётган ишларга нисбатан кўнгилни совитишга ҳеч кимнинг маънан ҳаққи йўқ.

Ахир бу синовли кунлар ҳам ўтади. Ўшанда ўз ҳаракатларингиздан хижолат бўлишингизни ҳам ўйлаб иш тутинг.

Аброр Зоҳидов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!