Кўп квартирали уй-жойларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилади

Кўп квартирали уй-жойларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилади

“Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5152-сон, 19.06.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.

❕Ҳар бир кўп квартирали уй-жойнинг кадастр паспортида кўп квартирали уй-жойга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда бўлиши шарт.

🗓 2022 йил 1 январдан мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда нотариал идоралар томонидан тегишли шартномада акс эттирилади ва янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилади.

💰 Кўп квартирали уй-жойларда яшовчи, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилади.

🔰 Қарорга кўра, қуйидаги масалалар бўйича умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади:

➖ кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш;
➖ мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш;
➖ кўп квартирали уй-жой учун қарз ва кредитларни жалб қилиш.

🗓 2021 йил 1 августгача лойиҳа доирасида бириктирилган ҳудудлар, 2022 йил 1 январга қадар эса бутун республика ҳудудларида кўп квартирали уй-жойга хизмат кўрсатиш жараёнига уй-жой мулкдорларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда биллинг тизими жорий қилинади.

🖥 2021 йил 1 октябргача кўп квартирали уй-жойларни бошқарувчиларнинг электрон реестри ишга туширилади.

➡️ 2021 йил 1 июлдан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида, уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!