КУН КУЛГИСИ… (Сўз устаси Рустам ҲАМРОҚУЛОВ бисотидан)

КУН КУЛГИСИ… (Сўз устаси Рустам ҲАМРОҚУЛОВ бисотидан)

1. Одамнинг думи бўлмайди, маймуннинг шими бўлмайди;

2. Баъзи шофёрларнинг ўпкаси бўлмайди, бўлсаям қўлтиғида юради, йигитларнинг юбкаси бўлмайди;

3. Ориқ, ем тегмаган молнинг эти бўлмайди, бозорчининг бети бўлмайди;

4. Ғиштли уйнинг ходаси бўлмайди, «любой» кўчада юрган кучукнинг дадаси бўлмайди;

5. Топ-тоза ернинг шўри бўлмайди, шаллақи хотиннинг эри бўлмайди;

6. Маккапояни шимиб бўлмайди, ёмон эшакни миниб бўлмайди;

7. Яхши одамни алдаса бўлмайди, баъзи дўконларда колбаса бўлмайди;

8. Холвайтарнинг тузи бўлмайди, туҳматчининг юзи бўлмайди;

9. Хасис одам бой бўлмайди, Уйчининг автобусида жой бўлмайди;

10. Битталаб йиғсанг, тоғ бўлмайди, жиннихонада соғ бўлмайди.

* * *

Жиннихонага сураткаш кепти. Жиннилар ур-тўполон бақир-чақир қилиб суратга тушаётганмиш.

— Вей, мени олиб қўйинг! Мени олмайсизми?..

Сураткаш ҳамма жинниларни суратга олиб бўлгач, мундоқ қараса, бир жинни чеккада индамай турганмиш. Сураткаш сўрабди:

— Ока, сиз нега суратга тушмаяпсиз?

— Э, — дебди жинни. — Мен бу ерда суратга тушмайман.

— Хўп, қаерда тушасиз? Кўрсатинг!

— Мен ҳов анави ёнғоқнинг орқасида тушаман.

— Бўпти, юринг, сизниям суратга олсам олиб қўяй!

Жинни югуриб бориб ёнғоқнинг орқасига турволибди. Сураткаш ҳайрон бўлиб бақирибди:

— Ўв, ока, чиқинг! Нега ёнғоқнинг орқасига турволдингиз? Кўринмаяпсиз!

— Олавер!

— Кўринмаяпсиз! Ёнғоқдан бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти!

— Ол дегандан кейин олавермайсанми?

Сураткаш ҳам «Менга нима» дебди-ю, суратга олиб жўнаб қолибди. Уч кундан кейин суратларни тарқатгани келса, ёнғоқнинг орқасида суратга тушган жинни ҳаммадан кўпроқ бақираётганмиш:

— Менинг суратим қани? Суратимни кўрсат!

Сураткаш унга суратни кўрсатибди.

— Мана, ёнғоқдан бошқа ҳеч вақо чиқмади.

— Зўр бўпти-да, зўр!

— Бу суратни нима қиласиз энди?

— Буними? «Пахан»имминан «Маман»имга юбораман. Улар суратни олади-да: «Ие, нега бу суратни юбордийкин? Ёнғоқдан бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти-ку! Ўғлимизнинг ўзи қанийкин?», деб турганда, ёнғоқнинг орқасидан чиқаман-у, «Ваҳ»деб қўрқитвораман!

Manba: hordiq.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!