«Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан» ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз

«Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан» ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз

Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқуловнинг “Ўзбекистон 24” телеканали эфирида олий таълимдаги муаммолар ҳақида айтган сўзларига эътироз билдирган 58 кишидан иборат гуруҳ юртимиз халқига очиқ хат эълон қилибди. Очиғи, хат билан танишиб чиқиб, ўша 58 кишидан бирортаси Тошқулов домланинг гапларини тўғри тушунганига ёки тушунишни хоҳлаганига шубҳа қилдим.

Энг ачинарлиси, очиқ хатни қайта-қайта ўқир эканман, толерантлик, яъни бағрикенгликдан сўз очган кишиларнинг Ислом маърифати ҳақида гапирувчи халқ вакилига қанчалар тоқатсиз эканини ҳис қилиш мумкин.

Очиқ хатда, юмшоқроқ қилиб айтганда, ғалати иддаолар илгари сурилган. Бу хатга имзо чекканлар Абдуқодир Тошқуловнинг сўзларидан қандай қилиб “шариат қонунларига шама қиляпти, конституциявий тузумни бекор қилишга чақиряпти” деган хулосага келгани мен учун қоронғи. Чунки сенаторнинг нутқида бунга ҳатто ишора ҳам қилинмаган эди. Ўзи охирги пайтларда ҳар бир дин ҳақида гапирганга “шариатни шама қиляпти, контитуциявий тузум ёқмай қолибди” қабилида айбловлар тақаш тенденцияси кузатиляпти. Аммо унутмайлик, “конституциявий тузумни бекор қилишга чақириш” деган маънодаги тушунча қонунчиликда мавжуд ва у жиноий характер касб этади. Бундай айблов қўйиш ҳазилакам иш эмас. Бир инсонни асоссиз равишда жиноятда айблашнинг ўзи ҳам жиноят эмасми? Чунки бизнинг тушунчамиз бўйича, Абдуқодир Тошқулов маънавий таназзул, халқнинг маънавий илдизларини қўпоришнинг оқибати ва бу омилларнинг жамиятга, хусусан, таълим тизимига таъсири, ҳалол ва ҳаром, адолат мезонлари ҳақида гапирган эди! Модомики, ўзбек халқи маънавиятининг илдизлари Ислом динига, исломий маърифат ва исломий ахлоққа бориб тақалар экан, жамиятдаги муаммолар ҳақида гап кетганда ўз-ўзидан Ислом динига юзланишга тўғри келади.

58 кишининг эътирозларидан яна бири мамлакатимиздаги Исломий таълим ҳақида экан. “Мамлакатимизда Исломий таълим қандай аҳволдаки, у ҳақида гапирилса. Ёшларга масжидларда Буюк Ислом фалсафаси, Буюк Ислом маданияти, Буюк Ислом архитектураси, Буюк Ислом математикаси ёки тиббиёти ҳақида маъруза қилиняптими? Уларга бу ўлкада яшаб ижод қилган буюк сўфийлар ҳақида икки минг имомдан қайси бири сўзлаб бера олади?”, дейди мурожаатчилар. Уларнинг сўзида қисман ҳақиқат бор. Аммо бу ажойиб ва тушунарсиз парадоксни келтириб чиқаради. Чунки сенатор ҳам айнан шу ҳақида гапирди-ку! У ҳам айнан Исломий таълимнинг оқсаётганига урғу берди, “Гёте”дан иқтибос келтирамизу, аммо ундан минг чандон буюкроқ ҳақиқатларни таълим бера оладиган ҳадисларни ўргатишга қўрқишимиз ҳақида рўй-рост сўзлади.

Очиқ хат муаллифларининг яна иддао қилишларича, Тошкентда жума намозига бораётган ёшларнинг аксари учун бу шунчаки урф (мода) экан! Қизиқ, “жамият сиёсий ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ қолишни истамаган” 58 юртдошимиз бундай умумлаштирилган хулосага келишда нималарга асосланишди экан? Масжиднинг эшигида турволиб сўровнома тарқатиб, ижтимоий тадқиқот ўтказишдимикан? Эҳтимол, улар инсонларнинг кўнглидагини ўқиш қобилиятига эгадир? “Туҳмат қилиш ҳам эви билан билан-да”, дейсан киши. Халқ вакилининг диний маърифат ҳақида айтганларига тоқатсизликларини намойиш қилиш учун бўлар-бўлмас аргументлардан фойдаланишлари уларнинг савиясини намоён қилиб турибди.

Шунча гапни сабр билан ўқиб турсам, уларнинг очиқ хатдаги энг хатарли иддаоси янгради! Эмишки, ёшлар айнан масжидларда радикаллашаётган экан. Буни ўқиб тўғриси, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ҳеч қайси масжид ўзбошимчалик билан фаолият юрита олмайди. Жиноятларни аниқлаш учун ҳали кўчаларда ўрнатиб улгурилмаган видеокамералар масжидларнинг деярли ҳаммасида бор. Айтганча, 58 ватандошимизнинг яна даъво қилишича, масжидлардаги радикаллишувга сабаб имомларнинг бесаводлиги, улар маърузаларида бағрикенглик, яқинларга муҳаббат, илм олишга интилиш ҳақида гапирмаслиги экан. Яхшироқ гумон қиламан, бундай эътироз билдирганлар ҳаётида бирон марта масжидга бормаган бўлса керак. Акс ҳолда яхши билган бўлишарди, юқоридаги мавзулар айнан энг кўп айтиладиганлари бўлиб, масжидлардаги маъруза матнлари ва уларнинг мавзуси мутасаддилар томонидан тасдиқланиб кейин барча имомларга тарқатилади. Имомлар аксар ҳолларда матнни халққа ўқиб етказишади, холос. Энди ҳақиқий сабаб ҳақида гапирсак, ҳар қандай жамиятда радикаллашувнинг бир қатор ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий сабаблари бўлади. Буни шундоққина масжидларга юклаб қўйиш инсофсизликдан ўзга нарса эмас. Тушуниб турибман, бу хат муаллифларининг субъектив фикри, лекин бир иддаони ўртага ташлаганда уни асослаб бериш ҳам керак.

Хат муаллифлари юртимиздаги диний таълим тизими билан танишми? Диний соҳада кадрлар қандай тайёрланишини, диний таълим даргоҳларида нималар ўқитилишини биладими? Қанча ёшлар айнан масжидга боргани учун радикаллашиб кетибди? Уларнинг сон-саноғи ҳисобланганми? Бунинг учун нечта имом жавобгарликка тортилди? Модомики, хат муаллифлари масжидга бораётган ёшларимиз имомларнинг саводсизлиги туфайли радикаллашиб кетаётганини айтаётган экан, шу каби саволларга жавоб бериши керак. Очиғини айтсам, сенаторнинг гапига эътироз бир чеккада қолиб, 58 нафар юртдошимиз мурожаат баҳона халққа ўзларининг позицияларидан келиб чиқадиган “месеж”ларини айтиб олмоқчидек, яъни “ёшлар масжидга бормасин” демоқчидек туюлишяпти.

Назаримда очиқ хатнинг энг муҳим нуқталаридан бири “айнан бир динга муккасидан кетиш тараққиётдан ортда қолишга олиб келади” деган фикрдир. Уларнинг айтишича, биз “бир динга ёпишиб олмасдан, машиналар, юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналари, завод ва фабрикаларни қуришни ўрганишимиз керак” экан. Авваламбор, ўша эфирда фақатгина динга ёпишиб, дунёвий илм-фанни четга суриш ҳақида умуман гап-сўз бўлгани йўқ. Қолаверса, Ислом илм-фанга ҳам, тараққиётга ҳам қарши эмас. Исломнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссасига тўхталиб ўтирмайман, менимча, бу ўринда мазкур дин “Ўқи!” деган илоҳий буйруқ билан бошланганини эслаш кифоя. Исломни илм-фанга, тараққиётга тўғаноқ деб ўйлаш бу диндан бехабарликни кўрсатиш билан бирга Ислом динига қилинган оғир туҳматдир.

Хулоса ўрнида айтаманки, мурожаатчилар айтган гапларнинг баъзиларида жон бор. Улар айтганидек, муаммо фақат диний омилдан келиб чиқмайди. Сенатор ҳам муаммолар илдизи Исломий маърифатдан узоқлашишда деб изоҳлар экан, буни ягона сабаб деб, бошқа барча омилларни инкор қилишни қасд қилган деб ўйламайман. Маълум бир фикрга урғу берилганда у фикр ягона ҳақиқат деб тушунилмайди. Сенатор ўзи муҳим деб ҳисоблаган ёки бошқалар айтмаётган масала ҳақида нутқ ирод этиш ҳуқуқига эга бўлса керак ҳар ҳолда? Улар хоҳлаганидек, жамиятдаги, хусусан, таълимга доир муаммоларни излашда очиқ мулоқот қилиш чақириғига ҳам лаббай дейман. Халқ ўлароқ бир ёқадан бош чиқарайлик, ватан келажаги учун биргаликда ҳаракат қилайлик. Аммо бу йўлда холис ва инсофли бўлайлик. Ҳар қандай фикрга тоқатли бўлайлик. Тоқатсизликни намойиш этиш учун асоссиз иддаолардан тийилиб, бизга ёқса-ёқмаса, бир-биримизнинг қонуний ҳуқуқларимизни ҳурмат қилсак, ўзи шундоқ ҳам камчилик бўлган диндорлар ва уларнинг динига ҳурмат кўрсатсак, ўзимиз ҳам ҳурмат топамиз!

Убайдуллоҳ Адҳамов

 

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!