Кулгили юзга ҳеч қачон мушт тушмайди

Кулгили юзга ҳеч қачон мушт тушмайди

Ер юзининг қай бурчагига борманг, сизни албатта хушмуомалалик билан кутиб олишади. Аэропортда паспорт назоратидан бошланадиган хушмуомалалик меҳмонхона, ресторан, музей, дўкон, кўча ва транспортларда ҳам давом этади. Бу борада ҳар бир халқнинг ўзига яраша одат, анъаналари бор. Бугун сайёрамиздаги айрим халқларнинг хушмуомалаликлари ҳақида қисқача маълумот берамиз.

 

Япон халқида ижтимоий кулги – “mikoniko“ деган тушунча бор. Унинг асосий мақсади – бошқаларга ҳам хушкайфият бағишлашдан иборат. Кайфиятлари қандай бўлишидан қатьи назар, ўзгаларнинг ҳиссиётига салбий таъсир кўрсатмаслик японларга хос қадриятдир. Сиз билан нима бўлса бўлсин, аммо бошқаларнинг кайфияти асло бузилиши керак эмас. Япон олимларининг фикрича, хушмуомалалик масаласида Ғарб ва Шарқ ўртасида фарқ бор.

 

Шарқда хушмуомалалик мажбурий эмас, балки самимий ва табиийдир. Шарқ халқлари қадим-қадимдан хушмуомала бўлиб келган. Японияда фарзандлар ёшлик чоғиданоқ хушмуомалаликка ўргатилади. Япон қизлари супермаркетлар эшиги олдида ҳар бир харидорга таъзим қилган ҳолда, уларга кулги билан мурожаат қиладилар. Бу бир кунда ўртача 2500 кулги ва таъзим, демакдир. Ўзгаларга ғам-алам етказмаслик мақсадида японлар юзида ҳамиша қувонч бўлиши керак. Шу ўринда японларнинг “хафа бўлиш ўрнига кимдир кулар экан, ўша инсон кучлидир”, деган мақолани келтириб ўтиш керак.

 

Хитойда ҳам хушмуомалаликка алоҳида эътибор қаратилади. Ҳамиша шодон юрувчи бу халқ “Кулгили юзга ҳеч қачон мушт тушмайди” деган мақолни яхши кўришади. Ҳатто, бизнес лойиҳалар муҳокамаси вақтида ҳам хитойликларнинг юзидан кулги аримайди ва шундай ҳолат ҳамкорларининг юзида ҳам бўлишини исташади. Савдо соҳасида кулги катта аҳамият касб этади. “Юзида кулгиси бўлмаган одам дўкон очиши керак эмас”, дейилади хитой мақолларидан бирида. Яна бир мақол “Юракда ғам бўлса-да, юзингизда кулги бўлсин”, дейилади.

 

Америкада ҳам хушмуомалалик алоҳида ўринга эга. “Ҳар бир кимса билан хушмуомала бўл”, дейишади америкаликлар. Ҳар қандай вазиятда юзда кулги бўлиш америкаликларнинг турмуш тарзи ҳисобланади. Америка маданияти инсонларнинг юзидаги кулгини юксак баҳолайди ва рағбатлантиради. “Кулинг!” (Keep smiling!) — дейишади америкаликлар. Ёзувчи Элберт Хаббард ўқувчиларга мурожаат қилар экан, дўстларни кулиб қарши олишга ва қалбларни уларга очишга чақиради. Унинг фикрича, кулги хонадонларга бахт олиб келади. “Кулинг!” дейди руҳшунос Дейл Карнеги.

 

Дипломат Йейл Ричмонднинг сўзларига қараганда, америкаликларни ёшликданоқ суҳбатни кулги билан бошлаш ва кулги билан давом эттиришга ўргатиб келишади.

 

АҚШнинг халқаро меҳмонхоналарида ходимлар беш дақиқа давомида олти марта кулишлари керак. Кўп холларда америкаликларнинг кулгиси самимий эмаслиги айтилади ва ишонқирамай қаралади. Шунга қарамай, америкаликларнинг юзидан кулги аримайди. Бу – ҳаёт қонунидир. Шу сабабли ҳам Америка оилаларида болаларга “яқин кишига яхши кайфият тақдим қил, кимдир сенга ҳам шу каби хурсандчилик совға қилади”, дея тарбия беришади.

 

Хушмуомалалик – Европа халқларининг азалий одатидир. “Кўҳна қитьа” мамлакатларида биринчи бўлиб узр сўраш яхши анъана ҳисобланади. Францияда нотаниш кишилар билан саломлашиш, танишларини икки юзидан ўпиб қўйиш одати бор. Харидор сифатида бирор бир дўконга кирсангиз, хушкайфият билан кутиб олишади ва кетар чоғингизда албатта “Мерси, оревуар!” дея миннатдорчилик билдиршади. Инглизларнинг хушмуомалаликларининг ўзи бир санъатдир.

 

Европаликларнинг кулгиси йиллар давомидаги тарбия маҳсули бўлмиш ижтимоий одатга айланиб улгурди.

 

Жанубий Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам кулгига эътибор катта. Таиланд – “минг бир кулги мамлакати”, дея аталади. Бу мамлакатда кулги турли можароларнинг олдини олиш қуроли сифатида кўрилади. Малайзия ва Индонезия халқи ўзларининг шодликка тўла қиёфаларини сақлаб қолишга интилишади. Осиё мамлакатларида инсонларнинг кулгиси ўз ҳиссиётларини бошқара олиш қобилияти ва ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишни англатади.

 

Бразилия аҳолиси қаҳвахоналарда хушмуомала бўлса, маблағларини тежаб қолишлари мумкин. Шу тариқа тамаддихона эгалари тарбия кўрган хўрандаларни рағбатлантиришга қарор қилди. Рио-де-Жанейронинг сайёҳларга мўлжалланган ҳудудидаги қаҳвахоналардан бири жорий қилган қоида кенг оммалашиб кетди. Бу қаҳвахонага ташриф буюрувчилар “салом”, “раҳмат”, “марҳамат”, “рухсатингиз билан” каби сўзларини айтадиган бўлсалар, 1 реал миқдорида кам пул тўлашади. Бу тахминан 40 цент демакдир. Айни дамда бу ташаббус ҳам иқтисодий, ҳам маънавий фойда келтирмоқда.

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!