Косонсойда ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган шахсга суд ҳукми ўқилди

Косонсойда ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган шахсга суд ҳукми ўқилди

Судланувчи Толиб Тохиров 2022 йил 16 март куни Нексия-2 русумли, автомашинани Косонсой тумани ҳудудида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмагани ҳолда бошқаргани учун вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдончасига қўйилганлиги сабабли, автомашинасини жарима майдончасидан чиқариш ва маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида шу куни Косонсой туман ИИБ маъмурий биноси олдида вилоят ИИБ ЙҲХБ 1-туманлараро ЙПХ инспектори, сафдор Ш.Зохидовга 400.000 сўм миқдорда пора беришни таклиф қилиб, 750.000 сўмини берган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят иши бўйича 750.000 сўм миқдордаги пуллар тегишли тартибда олиниб, ашёвий далил деб эътироф этилган.

Амалдаги Жиноят кодексининг 211-моддасида пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, -базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандида “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб тушунтирилган.

Суд, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, тарафларнинг музокара сўзларини, судланувчининг ҳимоя ва охирги сўзини тинглаб, ишдаги далилларни ҳар томонлама тўла текшириб, муҳокама қилиб, қонун санкциясида кўрсатилган жазони тайинлади.

Абдурасул Нарзуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судининг раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!