Коронавирусни кашф қилган олим қамоққа олиндими?

Коронавирусни кашф қилган олим қамоққа олиндими?

Ижтимоий тамоқларда коронавирусни кашф қилган олимнинг қамалгани ҳақида видеохабар тарқалмоқда. Видеохабар изоҳида "Таниб олинг,  коронавирусни қашф қилган олим шу бўлади. У хибсга олинди дейиляпти хабарда" деб ёзилган. QALAMPIR.UZ ушбу хабар қанчалик ҳақиқатга яқин эканини текшириб кўрди.

Маълум бўлишича, бу видеодаги лавҳа 28 январь куни эълон қилинган. Тасвирда АҚШнинг Массачусетс штати судида адвокат бўлиб ишлайдиган Эндрю Леллинг битта пресс-релизда 3 кишига алоҳида алоҳида-айблов эълон қилади. Уларнинг икки нафари хитойлик ва бири Гарвард университетининг кимё ва кимёвий биология кафедраси мудири Чарлз Либер ҳисобланади. Тармоқларда тарқалаётган “коронавирус кашф қилувчиси” ана шу Либер ҳисобланади.

Аслида нима бўлган эди?

Гарвард университетининг кимё ва кимёвий биология кафедраси мудири Чарлз Либер ҳибсга олингани рост. Бироқ, унинг айблови ҳеч қандай вирус яратиш билан боғлиқ эмас. 

Маълум бўлишича, Гарвард профессори Хитой ҳукуматинг "Минг иқтидор режаси" дастурида иштирок этган. Дастурга кўра олим Ухань технология университети (УТУ) билан ҳамкорликда ишлаши керак эди. Айнан шу нарса миш-мишларга сабаб бўлган бўлса не ажаб.

Аммо, Либер биолог эмас, у – нонотехнолог олим. Либер нонометр (метрнинг миллаиардан бири) ўлчамдаги материаллар билан ишлайди. Унинг УТУдаги фаолияти ҳужайра ичига кирувчи ва унда турли кимёвий ҳодисаларни амалга оширувчи нанороботлар билан боғлиқ. Умуман олганда Либер вирусология билан таниш эмас.

Шунингдек, УТУ ҳам вирусология ва биология бўйича таълим даргоҳи эмас. Университет биринчи навбатда материалшунослик, транспорт ва логистика каби фанларга йўналтирилган муҳандислик таълим маскани ҳисобланади. 

Таъкидланишича, Либер Хитой ҳукуматидан катта миқдордаги пуллар олган. Жумладан, УТУда лаборатория очиш учун 1,5 миллион доллар ва ойига 50 000 долларгача маошни олганлигини АҚШ ҳукуматига ошкор қилмаган.

Айбланувчи, "Либер тадқиқот гуруҳи"нинг бош тадқиқотчиси эди. Ушбу гуруҳ Миллий соғлиқни сақлаш институтлари ва Мудофаа вазирлиги томонидан грант маблағлари эвазига молиялаштирилиб турилган. Шу сабабли, Либер чет эл ҳукуматларидан ҳар қандай қабул қилинган маблағ ҳақида ҳукуматни ошкор қилиши керак эди.

Шуни айтиш ўринлики, Либер устидан иш коронавирус тарқалишидан анча олдин очилган эди. У 2018 йилда Мудофаа вазирлигида ва 2019 йил январь ойида Миллий соғлиқни сақлаш институтларида сохта баёнотлар берганликда айбланган.

Бундан ташқари, АҚШ Адлия вазирлиги ҳам Либернинг айблови янги коронавирус билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

Хулоса ўрнида шуни айтамиз-ки, ҳар қандай текширилмаган ва расмий бўлмаган хабарларга ишонманг ва уларни тарқатманг. Эслатиб ўтамиз, коронавирус билан боғлиқ ёлғон маълумот берган ва уни тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!