Коронавирусга қарши Қозоғистон вакцинасини вазир ўзида синаб кўрди

Коронавирусга қарши Қозоғистон вакцинасини вазир ўзида синаб кўрди

Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов бир ойдан кўпроқ вақт олдин коронавирусга қарши Қозоғистон вакцинаси билан эмланган эди. Вазир шахсан ушбу фактни тасдиқлади. 

 «Мен ҳар куни клиникадан олдинги тадқиқотлар натижалари билан танишиб боряпман, тест натижалари ва вакцинанинг самарадорлигини кўрдим, шунинг учун ўз вакцинамиз билан эмланишга қарор қилдим. Ўшандан бери кўп вақт ўтди. Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, катарал ўзгаришлар бўлгани йўқ, ҳароратим ҳам кўтарилмади», - деди Асхат Аймағамбетов.

Вазирнинг сўзларига кўра, у КВИга қарши вакцина ишлаб чиқишнинг ҳар бир босқичида қатнашган.

«Тадқиқотчилар йиллар давомида хавфли юқумли касалликларга қарши кўплаб дори-дармонларни ва вакциналарни яратиб келишмоқда, улар мамлакатимиз ташқарисида ҳам фаол қўлланилмоқда», - деди А.Аймағамбетов.

Аввалроқ коронавирусга қарши Қозоғистон олимлари яратган QazCovid-in вакцинаси муваффақиятли синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Бугунги кунга келиб, синов натижалари шуни кўрсатадики, ЖССТ томонидан тартибга солинадиган барча параметрларга кўра, яъни токсиклиги, пирогенлиги, алергенлиги, иммуногенлиги бўйича Қозоғистон вакцина ЖССТ ва Қозоғистон Республикаси Давлат фармакопеяси талабларига жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 августда Қозоғистон Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти ишлаб чиққан иккинчи вакцина ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти веб-сайтида номзод вакцина сифатида муваффақиятли рўйхатдан ўтганлиги маълум қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!