Коронавирус ва Ислом

Коронавирус ва Ислом

Ҳозирги кундаги энг долзарб муаммо коронавирус бўлиб қолди. Баъзилар ушбу касаллик юқиб қолишидан қўрқув билан яшаяпти. Яна баъзилар эса хавотир, ғашлик ичида хавфга тушишган.

Мусулмон кимса бу ҳолатда қандай бўлиши керак?

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " لا عَدْوَى وَلا طِيَرَةَ وَلا هَامَةَ وَلا صَفَرَ ".
رواه البخاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Адваа йўқ, тияра йўқ, ҳаама йўқ ва сафар ҳам йўқ", деб айтдилар (Бухорий).

Шарҳ: 

Адваа  -  бирон бир юқумли касалликни юқиб қолиши.

Тияра  -  бирон нарсадан шумланиш, ирим қилиш.

Ҳаама  -  руҳларни бирон ҳашаротга ёки жонзотга кириши.

Сафар  -  бехосият деб шумланиладиган ой.

Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсалардан қайтармоқдалар. Биз унинг мавзуимизга тегишли қисмини шарҳлаймиз.

 «Адваа йўқ».

Яъни касалликнинг юқиши йўқдир. 

Бу дегани мутлақ инкор эмасдир. Зотан, юқумли касалликлар қандайин тез суратда юқиши ҳаммага маълум.

Бу ерда энг муҳим ақидавий масала муолажа қилинаяптики, у ҳам бўлса касалликни ўзида хоҳлаган кимсасига юқиш қуввати йўқ. Аллоҳ таоло тақдир қилсагина бошқага юқади халос. 

Тўғри, касалликларнинг юқумлилари бўлиб, ундан сақланиш лозим. Аммо, касалликларнинг ўзида юқиш ҳислати бор дея ишониш нотўғри ақидадир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: "Вабо тарқалган жойга борманглар ва у ерда бўлсангиз чиқиб ҳам кетманглар",  деб айтганлар. 

Ушбу саҳиҳ ҳадисга амалан юқумли касал тарқалган жойга боришдан сақланиш ва ўша тарқалган маконда бўлса бошқа жойларга кетиб тарқатмаслик лозим экан. 

Бу айнан карантин дегани бўлади!

Аммо, энг муҳим нарса эсимиздан чиқмасин. Ҳар қандайин касаллик фақат ва фақат Аллоҳ таоло ирода қилсагина юқа олади. Аллоҳ ирода қилса умуман коронавирус бўлмаган жойда ҳам шу касалга учраб вафот этилади. Аллоҳ ирода қилмаса бу касаллик тарқаган жой ва касалланган одамлар орасида бўлган кимса асло бу касалга дучор бўлмайди. 

Шундай экан,  ўзимизни босиб олайлик. Ортиқча ваҳима,  қўрқувга асло ҳожат йўқ. Зотан,  Ҳақ каломида бундайин марҳамат қилинган: 

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон сураси, 185-оят).  

«(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсаниз, бу қочиш сизларга сира фойда бермас».  (Аҳзоб сураси, 16-оят).

 «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур» (Нисо сураси, 78-оят).

Демак, Аллоҳ ирода қилган кун келмагунча ўлим топилмас ва ўлимни исталса ҳам ўлиш имкони бўлмас экан, ибодатларда маҳкам бўлаверайлик. 

Кимни қачон ва не сабаб ўлиши Аллоҳ тақдирида битиб қўйилган ва бу ўзгармас ҳукмдир!

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!