Коронавирус! Туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда

Коронавирус! Туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда

Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш жараёнини ташкил қилишда етакчи мамлакатларнинг тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида эришилган келишувларга асосан юртимиздаги COVID-19га қарши кураш марказий штабига коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича консультантлари сифатида турк мутахассислари ташриф буюрдилар. 

Улар орасида Туркиянинг Медипол университети илмий кенгаши аъзоси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, профессор Режеп Озтюрк, Хасеттепе университети илмий кенгаши аъзоси, жамоатчилик саломатлиги бўйича мутахассис, профессор Левент Акин ва Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, профессор Хатице Рахмет Гюнер бор.

Бугун юртимиз Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов консультантларни қабул қилди ва мамлакатимизда  COVID-19га қарши олиб борилаётган чоралар ҳақида батафсил гапириб берди.

Учрашув иштирокчилари янги коронавирус инфекциясини профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди. Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг тафсилотлари ҳам муҳокама қилинди.

Туркия мутахассислари билан соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Бунда таълим соҳасидан тортиб, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасидаги тажриба алмашув, мураккаб жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлашгача  йўналишлар қамраб олинган.

Томонлар турли ёшдаги беморларда COVID-19 касаллиги, янги турдаги коронавирус инфекциясининг характерли белгилари, ушбу касалликнинг ўзига хос белгилари, диагностика усуллари, даволаш протоколлари, соғайган беморларни кузатиш ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдилар. Реанимация бўлимларида ўта оғир беморларни даволашнинг сўнгги усулларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди.

COVID-19 глобал муаммосининг инқирозли кўринишларини олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, олдинги сафларда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳамда касаллиги гумонланганларни карантинга олиш ва беморларни даволаш тадбирлари бутунлай давлат томонидан қопланиши бўйича Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар Туркия вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида турк мутахассислари тиббиёт муассасалари, жумладан бирламчи тиббиёт муассасалари ва Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохона иш фаолияти, касалланган беморларни даволаш баёнлари, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган эпидемиологик вазиятни батафсил ўрганиб чиқадилар, илмий-амалий тадбирларда иштирок этадилар ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларида даволанаётган аҳволи ўта оғир беморларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида онлайн видеоконференциялар ўтказадилар. 

Шунингдек, Туркия Республикасининг COVID-19га қарши курашда ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш имконияти кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекциясига чалинган аҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференциялар мунтазам ташкил этилмоқда. 

Айни пайтда Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассисларидан бўлмиш профессор Вернер Бэр ҳам мамлакатимиздаги COVID-19га қарши кураш марказий штабида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича консультант сифатида бўлиб турибди. У мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳволи оғир беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларини бермоқда, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!