Коронавирус инқирози ҳақида янги мулоҳазалар

Коронавирус инқирози ҳақида янги мулоҳазалар

А. Коронавирус ҳақида бугунги хулосалар:

1. COVID-19 одатий шамоллашга ўхшаган мавсум касали эмас.

2. Жаҳонда юқиш сони камаяётгани асосан карантин ва шунга ўхшаш чеклов чоралари сабабли бўляпти.

3. Эпидемиянинг иккинчи тўлқини борасидаги хавотирлар асосларига эга.

4. Тузалиб чиққанлар қайта юқтириши эҳтимоли мавжуд, тузалиб чиққанлардаги кейинги асоратлар яхши ўрганилмаган.

5. Вакцина (эм) топилаётгани ҳақида тинчлантирадиган маълумотлар жуда оз, унинг қачон ва қаерда топилиши номаълум, топилганда уни оммавий ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун камида яна ярим йил кетади.

6. Жаҳонда пандемия ҳолати камида бир йил ва унда кўпроқ муддатга чўзилиш эҳтимоли мавжуд.

7. Пандемия шароитида инсонлар (якка ҳолида, оила, ташкилот, давлат миқёсларида) янгича ҳаёт кечиришни ўрганишлари лозим.

Б. Шахсий ва ижтимоий ҳаёт тарзларида қандай ўзгаришлар киритилиши лозим?

1. Вирус тарқалиши кўламига қараб жойларни “яшил” (касал тарқалиши эҳтимоли оз), “сариқ” (касал тарқалиши эҳтимоли ўртача) ва “қизил” (касал тарқалиши хатари юқори даражада) мақомларга ажратиш – тўғри. Ҳар бир ҳудуд учун эпидемиологик вазиятга биноан махсус режим тайинланиши, “қизилдан” мақомдан “сариққа”, “сариқдан” “яшил” даражасига олиб чиқиладиган чоралар кўрилиши керак.

2. Кишиларнинг кундалик ижтимоий ҳаёти (ишга бориш, шаҳарда сайр қилиш, ибодатхоналарга қатнаш) учун “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда имкон берилиши керак. Бунда “сариқ” ҳудудда “яшил” ҳудудга нисбатан чекловлар кўпроқ бўлади. “Қизил” ҳудуд – карантин зонаси.

3. Ижтимоий ҳаётга қайтиш мақсадида ташкилотлар ва фуқаролар профилактик чораларга мунтазам амал қилишлари шарт, булар:

- Кўча, маркаб, иш жойи, билим юртлари, ибодатхоналар ва бошқа жамоат жойларида ижтимоий масофа сақлаш;

- Ниқоб, қўлқоп, кўзларни ёпадиган мослама, тозаловчи воситалардан доимо фойдаланиш, жойларни тозалаб туриш;

- Оммавий тест ўтказиш ва жойларда симптомларни кузатиш;

- Иммунитетни сақлайдиган ва кучайтирадиган тиббий муолажаларини кундалик қилиб юриш.

Юқоридагиларга жамият қанчалик мунтазам амал қилса у шунчалик тез нормал ҳаёт тарзига қайта олади.

В. Бизнес ва бошқа ташкилот эгалари карантин режимидан доимий фаолиятга тезроқ қайтишлари учун юқоридаги “Б”-нинг 3-бандига нисбатан ўз таклифларини ва амалий тадбирларини кўрсатишлари, муҳими, мутахассислар тавсияларига жиддий риоя қилишлари керак. Давлатдан ҳам қайтиш ташаббусларини тўғри қабул қилиб, асосли рухсатларини тақдим қилиши кутилади.

Г. Диний мутасаддилар ва диндорлар ибодатхоналар очилишини талаб қилишда ҳақлидирлар. Шу билан бирга улар юқоридаги “Б“-нинг 3-бандига нисбатан таклифлари ва амалий тадбирларини кўрсатишлари керак. Жаҳон тажрибасини яхшилаб ўрганиб, энг самарали ва қулай ечимларни танлаган яхши. Албатта, бунда мутахассислар кўрсатмалари инобатга олинади.

Д. Карантин чоралари инсон ҳуқуқларини буткул поймол қилишига йўл қўймаслик керак. Оддий қилиб айтганда, чекловлар вазият ва реал хатар мувозанатини сақланиши зарур. Пандемия баҳона тоталитар деспотияга ўтиб кетиш жуда осон. Бунинг учун раҳбарларнинг кўрсатмаларини кўр-кўрона инкор қилмай, жамоатчилик реал вазият борасида батафсил, ҳаққоний ва шаффоф маълумотларни талаб қилишлари зарур. ОАВ, фаол блогерлар, ҳуқуқбонлар ва сиёсатчилар бу вазифани амалга оширишда муҳим вазифани ўтайдилар. Давлат ҳисобдорлиги масаласи ҳар галгидан кўра долзарбдир.

Давлатнинг ўзи учун зуғумни карантин/иҳоталаш либосига кийдириш мақсадга мувофиқ эмас. Биринчидан ва энг муҳими, инсонларни эркинликларидан маҳрум қилиш ўта оғир жиноятдир. Иккинчидан, кўп ўтмай одамлар алданаётганларини фаҳмлайдилар ва бунинг натижасида норозилик кайфиятлари кучаяди, коррупция урчийди, ишонч йўқлигидан одамлар зарурий муолажаларга риоя қилмай, коронавирус бостириши учун янги “туйнуклар” очиб юборадилар ва бунинг натижасида эпидемия гуркираб, вазиятни янада оғирлаштириб юборади.

Пандемияга қарши курашда чекловлар асосий қуролдир, аммо бу қуролни ноўрин ва ортиқча ишлатиш пандемия ҳамласини кучайтиради.

Е. Ҳар бир онгли кишига “ковидиотизм” (коронавирус хатарини кўр-кўрона ёки фитна назариялари асосида инкор қилиш) билан сиёсий идиотизм (инсоний ва фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини овсарларча топшириб қўйиш) ўртасидаги мувозанатни топишга интилишини тавсия қиламан. Бунга танқидий, таҳлилий фикрлаш, ишончли маълумотларга ва мутахассислар фикрларига эътибор бериш ва аниқ саволлар қўя билиш киради. Онгли фуқаро бўлиш тафаккур интизомини англатади, ва бу – ҳаёт, эркинлик ва мамот масаласидир.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Manba: sof.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!