Коронавирус дунёни бошқариш васвасасими?

Коронавирус дунёни бошқариш васвасасими?

Ўтган йилнинг ноябридан бошлаб бутун дунёни коронавирус пандемияси ваҳимага солиб келмоқда. Даҳшатга солмасинми, ҳа деганча, бутун дунёга ёйилиб, 500 минг одамнинг ёстиғини қуритди, ҳали-бери ортга қайтадиганга ҳам ўхшамайди. Аксинча, тобора кенгроқ қулоч отиб боряпти. Уни енгганига ишонган давлатлар чучварани хом санаган эканмиз, дея қайтадан карантин жорий қилмоқда. Боз устига Хитойдан яна ҳозиргисидан ҳам хатарлироқ янгича турлари пайдо бўлиб “экспорт”га тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб турибди.

Коронавирусни инсоният тарихидаги энг хатарли ўлат деб айтиш мумкин. Чунки тарихда бўлиб ўтган ўлатлар бир қишлоқ, шаҳар, юрт, минтақа, узоғи билан бир неча қитъалар аро ёйилган. Коронавирус эса бутун дунёга, ҳатто Тинч Океани ўртасидаги оролларга ҳам етиб борди.

Алҳисса, азизлар, ўлим шарпаси шундоққина ёнимизда кезиб юрибди. Лекин биз унинг исталган чоқда бўғзимизга чанг солишини ҳис қилиб турган бўлсак ҳам сира ўзгармаяпмиз. Муболағами? У ҳолда айтинг-чи, дилозорлик, фирибгарлик, ёлғончилик, ғийбатчилик, тарозидан, энидан-бўйидан уриш…  камайдими?

Тарихий-бадиий китобларда ёзилишича, бурунги замонларда халқнинг бошига бир фалокат ёғилса, ўша фалокат одамларнинг кўзини очган, одамлар Раббини эслаб қолган, тавба-тазарру қилган, ўзаро жисплашган, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб қолган. Бироқ бошқаларни қўятўрайлик, ҳимоячиларимиз бўлган жонажон мелисамиз коронавирус балоси ёғилиб турган чоқда бир неча одамни уриб ўлдирди. (19:52 / 30.06.2020. Президент Чироқчи ва Андижондаги воқеалар учун ички ишлар органлари раҳбарларини танқид қилдиKun.uz)

Яна уларнинг сиркаси сув кўтармаганига нима дейсиз? Шўрингиз қуриб, бехосдан азгина қитиқ-патига тегиб кетсангиз, бирданига кечирим сўрашингизни талаб қила бошлайди…

Коронавируснинг пайдо бўлиш сабабларини ўрганган америкаликлар унинг Хитойда яратилгани, Ухандаги биолабораториядан сизиб чиққанини, хитойликлар эса АҚШнинг биологик қуроли эканини даъво қилмоқда. Олимлар унинг кўршапалакдан ёки денгиз ҳайвонларидан тарқалгани ҳақидаги назарияларни  илгари сурмоқдалар.

Шу ойнинг бошларида  Би-би-си мухбири Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс билан уюштирган суҳбатда миллиардер миллиардлаб одамларга микрочип имплантация қилишни ва унинг ёрдамида Ер юзида ўзининг мутлақ ҳокимиятини ўрнатиб, аҳолини қисқартиришни режалаштиргани, бунинг учун унинг GAVI [Билл ва Мелинда Гейтс фонди ҳомийлигидаги Вакцина ва иммунизация бўйича глобал альянс] Covid-19 га қарши вакцина ишлаб чиқишни молиялаштирганига тўхталди. Суҳбатнинг видеоматериалида аҳолининг вакцина таъсирида сезиларли қисқаришини Билл Гейтснинг ўзи ҳам айтиб ўтди. Шу ва шунга ўхшаш манбалардан аён бўладики, Ер юзи аҳолисининг кўпайишини истамасдан уларнинг ҳар саккизтадан еттитасини ўлимга ҳукм қилаётганлар трансмиллий компаниялар экан. Албатта, уларнинг ортида ҳам кимлардир (?) бўлса керак.

Бу гапларнинг қанчалик ростлигини билмадиг-у, аммо неча ўн йиллардирки, геополитиклар аҳолининг кўпайиб бораётганидан хавотирга тушиб, урушлар, тошқинлар, зилзилалар, касалликлар каби одамларга қирғин келтирадиган нарсаларни ўйлаб топиш ҳақида бош қотираётгани бор гап.

Нима эмиш? Аҳоли кўпайиб кетса, озиқ-овқат танқислиги бошланармиш. Бу ғоя – қизғанчиқлик, очофатлик, худбинлик ғояси. Бундай ғояга қўшилганлар Чингизхондан ҳам, Гитлердан ёвуз, лекин ақли заиф, кўзи оч кимсалардир. Чунки одамларга ўлим тилаб тураркан, ажал ўзининг ёқасига чанг солганини билмайдилар.

Улар яна бир хусусиятга эътибор бермайдилар. Сайёрамиз аҳолиси унчалик кўп бўлмаган йилларда аҳолининг моддий таъминоти унчалик зўр бўлмаган. Масалан, 1927 йили Ер юзида икки миллиард, яъни бугунги кундагидан қарийб тўрт баробар кам аҳоли яшаган. Лекин одамларнинг еб-ичиши бугунгининг ярмича ҳам бўлмаган. Давлатларнинг бойлиги ҳам, қудрати ҳам бугунгичалик бўлмаган.

Узоқ ўтмиш саҳифаларини варақласангиз, Ер юзида одамлар жуда ҳам кўп бўлган вақтда тўкин-сочинлик, ризқ-насиба мўл бўлган. Манбаларда айтилишича, Нуҳ алайҳиссалом даврида одамлар шу қадар кўп бўлганки, Хитойдан Маккагача томдан тушмасдан борса бўларкан. Қавм тўқликка шўхлик қилиб балога учраган. Милоддан аввалги 530 йилда массагетлар юртига 200 минг қўшин билан бостириб кириб бирортаси тирик қолмаган Мидия-форс подшоси Кир Иккинчининг невараси Доро Биринчи  бобосининг қасосини олиш учун милоддан аввалги 514 йилда массагетларнинг яқин қардоши скифлар устига 700 минг кишидан иборат қўшин тортиб боради ва мағлуб бўлади. Демак, урушда партизанлик усулини танлаган скифлар қўшини ҳам анчагина бўлган. Ўша замонларда шунча кўп қўшин йиғилишидан аён бўладики, Ер юзининг аҳолиси ўша вақтларда ҳам кам бўлмаган. Лекин Ер уларни кўтарган. Озиқ-овқат ҳам етарли бўлган. Нега?

Чунки Аллоҳ таоло: «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир», деган (Ҳуд сураси, 6-оят).

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида ушбу ояти карима маъносининг халқона, содда ифодасини “Ағїлда оғлақ туғса, арїқда отї ÿнäр – молхонада бузоқ туғилса, ариқда ўт чиқади”, деб келтириб ўтган.

Озиқ-овқат танқис бўлиб қолишини рўкач қилиб, ризқи Аллоҳнинг зиммасида бўлган инсонларнинг жонига қасд қилиш учун турли фитна-фасодлар ўйлаб топиб, уларни алдовларига ишонтира олишига ишонганлар, «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» (Нисо сураси, 142), сурасини ўқиб қўйсалар ўзларининг қандай аҳволда эканини билиб олган бўлардилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!