Корея университети тиббиёт кадрлари тайёрлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади

Корея университети тиббиёт кадрлари тайёрлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади

Жанубий Корея соғлиқни сақлаш тизими дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу, аввало, мамлакатда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида йўлга қўйилган инновацион ўқув методикалари ва илғор таълим дастурлари билан боғлиқ.

Жумладан, Корея университети жаҳондаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири. У юқори рейтинг кўрсаткичлари бўйича Кореяда пешқадам. Қолаверса, дунёдаги энг яхши 100 та университет қаторидан жой олган.

Эътиборли жиҳати, ана шу нуфузли таълим муассасаси раҳбариятининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига қизиқиши катта. Хусусан, тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича олий ўқув юртларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва Корея университети президенти Жин Тэ Чанг бошчилигидаги делегация вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда бу эътирофлар қайта-қайта тилга олинди.

Учрашувда таъкидланганидек, тиббиёт соҳасида давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам асосга эга. Президентимизнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим имзолангач, мазкур йўналишдаги ўзаро муносабатлар янада юқори босқичга кўтарилди.

Бевосита Корея университети ҳақида тўхталсак, ушбу муассаса билан “Тошкент тиббиёт академиясида соғлиқни сақлаш соҳасида таълимни такомиллаштириш”га оид халқаро илмий грант доирасида ҳамкорлик қилиб келиняпти.

Шу асосда академияда “Атроф муҳит ва инсон саломатлиги” кафедраси ҳамда замонавий илмий марказ ташкил этилиб, илғор лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Ҳар икки лойиҳа атроф-муҳитдаги зарарли ва хавфли моддаларни ўрганиб, уларнинг аҳоли ҳамда ишчилар саломатлигига таъсирини баҳолашга қаратилган.

Мулоқотда делегация вакиллари тиббий таълим йўналишида қўшма дастурларни амалга ошириш, хусусан, Корея университети таълим стандартлари асосида шифокор ва ҳамширалар тайёрлаш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

‼️ Тошкент тиббиёт академиясида бўлиб ўтган тақдимот якунида Корея университети президенти Жин Тэ Чангга академиянинг “Фахрий профессори” унвони топширилди. Ўз навбатида, томонлар ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!