Конституция – бахтимиз қомуси (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Конституция – бахтимиз қомуси (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Учтепа туманидаги 193-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишлаб “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.

Унда туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Учтепа тумани халқ таълими бўлими мудири Ў.Қурбонов ва бошқалар конституция – бу, истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжат эканини таъкидладилар.

“Юртимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларда Конституциямизнинг ўрни беқиёс. Чунки Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. Бош қомусимизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, деб белгилаб қўйилган”, – дейди Ў.Қурбонов.   

 “Конституция ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи маёқдир. Нега деганда Асосий қонунимиз барча соҳалар қатори таълим тизимини ҳам сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ўқувчиларимизни Бош қомусимизни янада чуқур ўрганишга ундашдан иборат бўлди. Зеро, Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим”, – дейди 193-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Н.Гафурова.

Тадбирда ўқувчи ёшларга, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат конституцияга асосланиши, яъни конституция барча қонун ҳужжатларининг асоси, манбаи ҳисобланиши тушунтирилди.

“Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Салоҳиддин Каҳҳоров. – Бизнинг таълим олишимиз ҳам Бош қомусимизда белгилаб қўйилган. Шу боис ҳар биримиз Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олишимиз керак”.

Тадбирда ўкувчи ёшларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Сурайё Усмонова,
Учтепа туманидаги
193-сонли умумий ўрта таълим
мактаби ўқитувчиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!