Компания саратонга чалинган мижозига 289 миллион доллар тўлаб беради

Компания саратонга чалинган мижозига 289 миллион доллар тўлаб беради

АҚШнинг Сан-Франциско штати суди 10 август, жума куни Monsanto компаниясига 289 миллион доллар жарима солди. Маълум қилинишича, компания пулларни онкологик хасталик билан касалланган беморга тўлаб бериши лозим, деб ёзмоқда «Корреспондент.net».

Суд ҳайъатининг фикрича, жабрланувчида онкологик хасталикнинг ривожланишига компания ишлаб чиқарган бегона ўтларга қарши восита таркибидаги глифосат гербициди сабабчи бўлган.

Жабрланувчи – 46 ёшда. Аввал мактаб ҳовлисининг назоратчиси бўлиб ишлаган. Маълум қилинишича, жабрланувчи йиллар давомида компаниянинг бегона ўтларга қарши воситаларидан фойдаланиб келган. Компания ишлаб чиқараётган воситалари таркибидаги гербицидлар саратон хасталигини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида мижозларини огоҳлантирмаган. Сан-Франциско суди июль ойида Monsanto компаниясига қарши 400 дан ортиқ аризани кўриб чиққан.

Мутахассислар глифосатнинг инсон организмига таъсири борасида тугал фикрга келмаган. Аввалроқ АҚШнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ва Европа Иттифоқининг қатор ташкилотлари гербицидларнинг бу кўриниши онкологик хасталикларни келтириб чиқармаслиги ҳақида маълум қилган эди. 2015 йили Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти глифосатнинг канцероген бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз хулосасини эълон қилган.

АҚШнинг Monsanto компанияси ген модификацияси орқали етиштирилган уруғ ва гербицидларни ишлаб чиқариш бўйича халқаро бозорда етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. 2018 йилнинг июнидан бошлаб компанияга Германиянинг Bayer концерни эгалик қилади.

Manba: daryo.uz

Бўлимга тегишли бошқа хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!