Когонда мактаб ўқувчиларининг пахта даласидаги суратларини еридан ажралган собиқ фермер тарқатган! Ҳозир у – маҳалла раиси

Когонда мактаб ўқувчиларининг пахта даласидаги суратларини еридан ажралган собиқ фермер тарқатган! Ҳозир у – маҳалла раиси

Бухоро вилоятининг Когон туманидаги «Туни Ироқ» маҳалласида жойлашган 15-ўрта мактабнинг 5-синф ва ундан юқори синф ўқувчилари 29 сентябрь, якшанба дам олиш куни пахта тергани чиққан, бу ҳақда Kun.uz ўз суриштируви натижаларини эълон қилган эди.

Дастлаб, Repost.uz нашри аноним манбага таяниб 15-мактабнинг камида 13 нафар ўқувчиси Тайтал қишлоғи яқинидаги «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги далаларида пахтага олиб чиқилгани, бу ишларнинг бошида туман ҳокими Йўлдош Жумаев тургани таъкидланган хабар ва пахта пайкалидаги болаларнинг суратини чоп этганди.

Kun.uz мухбирлари 15-мактабда бўлишганида, директор Ж.Саидов ва туман ХТБ мудири Б.Қурбонов ўқитувчилар ёки мактаб ўқувчиларига пахта йиғим-теримига мажбурий чиқариш ҳақида буйруқ берилмаганини таъкидлашди. Биз суҳбатлашган мактаб юқори синф ўқувчиларининг аксарияти буни тасдиқлаб беришди.

Бироқ айрим ўқувчилар пахтага чиққани билиниб турарди. Уларнинг бармоқларини чаноқ шилгани кўриниб турарди.

«Туни Ироқ» маҳалласида истиқомат қилувчиларнинг айтишича, қишлоқда кўпчилик мактаб ўқувчиларининг оталари Россияда меҳнат миграциясида. Пахта мавсумида уларнинг оналари пахта теримга чиқишади. Болалар даладаги яқинларига чой ёки овқат ташишади. Ўзлари ҳам оналарига, опаларига пахта теришда кўмаклашишади. Қайтишда фартукда мол-қўйларига ўт юлиб қайтишади. Бу — йиллар давомида шаклланган анъана.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабар ва фотосуратни Repost.uz сайтига юборган инсонни топган ва масалага ойдинлик киритган.

«29 сентябрь ва 1 октябрь кунлари чиндан ҳам айрим ўқувчилар ота-оналарига қўл-қанот бўлиш (ўт-хашак жамғариш), уларга ёрдам бериш (зарурат юзасидан хабар етказиш) мақсадида пахта даласида бўлишган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

«Алиноз Шергирон» фермер хўжалиги Ҳожи Файзиев ўқувчилар пахта теримига жалб этилмагани, ҳосил эса қишлоқлар аҳолиси, ёшлардан иборат отряд томонидан йиғиштириб олинаётганини маълум қилган. Ўқувчиларни пахта теримига жалб этишга оид туман ҳокими буйруғи ва халқ таълими бўлими мудирининг кўрсатмаси бўлгани ҳақида гаплар асоссиз эканлигини айтган.

Фермер хўжалигидаги йиғим-терим отряди раҳбари Мирхон Темиров фикрлари масалага ойдинлик киритган.

«Тушликка яқин соат 12ларда теримчилар терган пахтани навбатма-навбат тарозига тортарканман, ортимда икки кишининг овозини эшитиб, бурилиб қарасам, улардан бири — ўтган йили бизга қўшни «Самад ўғли Мақсуд» фермер хўжалиги раҳбари сифатида фаолият юритган Абдусамат ака экан. Иккинчи кишини эса танимадим. Шу пайт Абдусамат ака даладаги кишиларни суратга ола бошлади.

«Ака, нима қиляпсиз ўзи, нимага расмга оляпсиз, мақсадингиз нима?» - дегандим, у киши мийиғида кулиб: «Кейин биласиз, гап бор, гап», дея жавоб берди ва ёнидаги киши билан жўнаб қолди. Бор гап шу.

У киши бу ердан 22 километр нарида, Когон шаҳрида яшайди. Бизга туташ ёнма-ён ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига кўп йиллар раҳбарлик қилган. Эшитишимча, сурункали уч йил пахта сотиш бўйича давлат шартномасини бажармагани сабаб, йил бошидаги мақбуллаштиришда унинг ерлари бошқа фермер ихтиёрига ўтказилган. Мабодо, шу масалада бирор муддаоси бўлмаса, бошқасини билмадим», – дейди Мирхон Темиров.

Маълум бўлишича, собиқ «Самад ўғли Мақсуд» фермер хўжалиги раҳбари Абдусамат Қурбонов шу йил май ойида Когон шаҳридаги «Бобур» маҳалла фуқаролар йиғинига раис этиб сайланган.

Суҳбат аввалида негадир фикрини очиқроқ баён этолмаган Абдусамат ака кўп ўтмай гапнинг дангалини айтган.

«Ҳа, бу ишни мен қилдим, — деган у.  — Шунга мажбур бўлдим. Менинг тугатилган фермер хўжалигим ерлари қўшиб берилган «Турон Когон» фермер хўжалиги ўртасида мулкий муносабатларда муаммолар пайдо бўлди. Қатор идоралар, жумладан, туман ҳокимига қилган мурожаатларим ечим топмади. Шундан сўнг, мутасаддилар эътиборини тортиш мақсадида ўқувчиларнинг йиғим-теримига жалб этилиши ҳақида асослаш учун даладагиларни суратга олдим. Интернетга чиқартирдим...»

Журналистлар, шунингдек, интернетда суратлари тарқатилган болаларнинг ота-оналари ва уларнинг далада суратга олинган фарзандлари билан А.Қурбонов иштирокида мулоқотда бўлишган. Ота-оналар нохолис хатти-ҳаракати учун А.Қурбоновга жиддий эътироз билдиришган.

А.Қурбонов қилмишидан пушаймонлигини тан олиб, улардан такрор ва такрор кечирим сўраган.

Абдусамат Қурбонов собиқ фермер хўжалигига қилинган сарф-харажатларини қайтарилишига эришиш мақсадида асоссиз хабарларни ижтимоий хабарларни тарқатганлигини ва бу хабарлар ҳақиқий ҳолатга мос эмаслигини баён қилган. Фуқаро бу тўғрида ижтимоий тармоқларга видеомурожаат ҳам қилганлигини билдирган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабар юзасидан ўрганишлар давом эттирилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича шахсларнинг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!