Клаус Манголд: “Мақсад – Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш”

Клаус Манголд: “Мақсад – Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш”

23 ноябрь куни Туризм ва маданий мерос вазирлигида Германиянинг “Mangold consulting GMBH” раиси, профессор Клаус Манголд билан учрашув бўлиб ўтди.

Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов юқори мартабали меҳмонга ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди.

Клаус Манголд: “Мақсад – Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш”

Учрашувда Европа давлатларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш доирасида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, жорий йилнинг 18 ноябрь куни Германия туристик ассоциацияси президенти Норберт Фиебиг билан бўлган учрашув якунига кўра эришилган масалалар, DRV таркибига кирувчи энг йирик туристик операторлар иштирокида “Destination Fourm” лойиҳасини ўтказиш, шунингдек, вазирлик томонидан Европа бозорига мўлжалланган медиарежани амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керакки, К.Манголд “Destination Fourm” лойиҳаси доирасида нафақат Германия, балки Швейцария, Австрия каби Европа давлатларининг энг йирик ва салоҳиятли ОАВ ва туристик ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканлигини қайд этди. Шунингдек, “Узбекистан” миллий брендини хорижда кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

“2023 йилнинг март ойида Германиянинг Берлин шаҳрида “ITB Берлин-2023” халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, келгуси йили Германияда Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилган, — деди Клаус Манголд. — Бу тадбирлардан мақсад европалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган эътиборини ошириш, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жиҳатларини бутун дунёга янада кенгроқ танитиш ва бу орқали мамлакатингизнинг Европа ва жаҳондаги мавқеини мустаҳкамлашдир”.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Европага янада кенг тарғиб қилиш доирасида мамлакатимизда фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари учун ўқув дастурларини йўлга қўйиш, Германия тажрибасига асосан, юртимизда тематик паркларни очиш имкониятлари, Германия Самарқанд йўналишлари бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар ташкил қилиш ҳамда келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмаси масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Клаус Манголд: “Мақсад – Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш”Клаус Манголд: “Мақсад – Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш”

Маълумот учун, “Mangold Consulting GMBH” компанияси 15 йилдан ортиқ вақт Германия ва хориждаги миллий ва халқаро компанияларга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва муассасаларга муваффақиятли маслаҳатлар бериб келмоқда.

Профессор Клаус Манголд Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини юқори баҳолади. Қолаверса, Ўзбекистонда туризм жадал суратларда ривожланиб бораётганини ва бунда Тошкент халқаро туризм ярмаркаси каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Клаус Манголд “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг аҳамиятини юқори баҳолади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!