Кимлар талабаликка муносиб: СамДУда "бункер" бўлганмиди?

Кимлар талабаликка муносиб: СамДУда "бункер" бўлганмиди?

8 ноябрь куни Миллий матбуот марказида тест синовлари якунлари бўйича Давлат тест маркази мутасаддилари билан матбуот анжумани бўлиб ўтганини хабар қилган эдик.

Анжуман ҳам ҳисобот, ҳам очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.

Хусусан, анжуман бошланишида ДТМ мутасаддилари навбатма-навбат маъруза қилмай, уни ўзаро савол-жавоблар билан ўтказишни таклиф қилишди. Мазкур ёндашувни анжуманга келган журналистлар маъқуллашди.

Йиғилишда қандай муҳим масала кўтарилди?

Бўлаётган суҳбат ва ёндашувдан келиб чиқиб, ДТМ тестология, тест топшириқлари базаси бошқармаси бошлиғи Севар Зупархўжаевага Turon24 мухбири савол берди:

– Ўтган йили суперконтракт лойиҳаси жорий қилинди ва кам балл тўплаганлар ҳужжатда келтирилган пулни тўлагач, талабаликка тавсия этилди. Яъни етарли билимга эга бўлмаган абитуриент катта пул эвазига талаба бўлди. Улар таълим жараёнида оқсаб қолмайдими? Улардан яхши кадрлар чиқади дея оласизми? Лойиҳада мана шу жиҳатлар ҳисобга олинганми?

– Кам балл тўплаб, ўрта ва юқори натижа кўрсатган абитуриентлар қатори талабаликка қабул қилинган ёшларни ўқиб кетолмайди ёки яхши ўзлаштиради деб олдиндан айтолмаймиз. Бу тизим бизда энди қўлланмоқда. Мазкур ҳолатга баҳо беришга ҳали эрта, яъни ҳеч бўлмаса ярим йилликда ўтказиладиган имтиҳон натижаларини (супер контракт 2017 йилдан қўллангани ёдидан кўтарилди – Turon24) кутишимиз керак. Қолаверса, ўқишга кирган абитуриент зиммасига талабалик вазифалари юклатилгандан кейин унда ўз-ўзидан ўқиш, таълим олиш ва бунда жавобгарликни ҳис этиш мажбурияти уйғонади.

– Биласизки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолияти мана шундай ишлар билан шуғулланишга қаратилган. Шу боис ҳамкорликда мазкур йилда қабул қилинган талабалардан ярим йилликда олинадиган имтиҳон даврида яна бир тест олиш борасида ишлар олиб борилмоқда, – деб жавобга қўшимча қилди ДТМ тест синови натижаларини ҳисоблаш, таълим муассасаларига тақдим этиш ва ДТМ сайтида жойлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Эшниёзов.

СамДУда бўлган тест синовлари ҳақида қандай жавоб бўлди?

Йиғилишда иштирок этган ДТМ директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиевдан Turon24 мухбири бу йил ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Самарқанд давлат университетида давлат тест синовлари шаффоф бўлмагани ҳақидаги хабарлар қанчалик тўғри ёки йўқлигини сўради. Қаҳрамон Ҳақбердиев бу ҳақда ҳали аниқ бир нарса деёлмаслигини таъкидларкан: "Мазкур тест синовлари ўтказилган жойга ўрнатилган назорат камераларининг ёзувини Бош прокуратура ўрганмоқда, ишлар ниҳоясига етгач ОАВга албатта хабар беради", – деб айтиб ўтди.

Turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!