Киев дунёнинг яшаш учун энг ноқулай ўнта шаҳри қаторига кирди
Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit (EIU) таҳлил маркази эълон қилган 2026 йилги рейтингга кўра, Украина пойтахти Киев дунёда яшаш учун энг ноқулай ўнта шаҳар қаторига кирди.
Таҳлилчилар дунёнинг 173 та шаҳрини бешта асосий мезон — соғлиқни сақлаш, инфратузилма, таълим, маданият ва атроф-муҳит, шунингдек барқарорлик бўйича баҳолаган.
Рейтингга кўра, яшаш учун энг қулай шаҳар деб иккинчи йил кетма-кет Дания пойтахти Копенгаген топилди.
Энг яхши ўнликка қуйидаги шаҳарлар кирди:
- Копенгаген (Дания);
- Вена (Австрия);
- Мельбурн (Австралия);
- Сидней (Австралия);
- Цюрих (Швейцария);
- Женева (Швейцария);
- Осака (Япония);
- Аделаида (Австралия);
- Ванкувер (Канада);
- Токио (Япония).
Ҳисоботга кўра, Киев 173 шаҳар ичида 166-ўринни эгаллаган. Бунинг асосий сабаби мамлакатда давом этаётган уруш экани қайд этилган.
Яшаш учун энг ноқулай шаҳарлар ўнлигига қуйидагилар кирди:
- Дамашқ (Сурия);
- Триполи (Ливия);
- Дакка (Бангладеш);
- Карачи (Покистон);
- Жазоир (Жазоир);
- Лагос (Нигерия);
- Порт-Морсби (Папуа – Янги Гвинея);
- Киев (Украина);
- Хараре (Зимбабве);
- Теҳрон (Эрон).
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, рейтингнинг энг қуйи қисмида жойлашган шаҳарларнинг деярли барчаси уруш, қашшоқлик ёки ҳар икки омил таъсирида бўлиб, айниқса «барқарорлик» мезони бўйича паст баҳоланган.
