Келгуси ҳафта Япония – Марказий Осиё саммити ўтказилиши режалаштирилмоқда
Жорий йил 19-20 декабр кунлари Токио шаҳрида Япония ҳамда Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари иштирокида «C5+1» форматидаги саммит ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Nippon нашри хабарига кўра, Япония бош вазири Санаэ Такаитининг минтақа давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувларини ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
«Сўнгги олти ой ичида Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар Марказий Осиё давлатлари билан саммитлар ўтказди. Дипломатик нуқтаи назардан Япония ҳам бундай саммитни муваффақиятли ўтказиши жуда ҳам муҳим», — деган Япониянинг иқтидордаги Либерал-демократик партияси вице-президенти Таро Асо.
Маълумот ўрнида: Япониянинг ўша пайтдаги бош вазири Фумио Кишида 2024 йилнинг 9-12 август кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга режалаштирилган сафари ҳамда «Марказий Осиё + Япония» саммитини Кунчиқар ўлкада содир бўлиши айтилган кучли зилзила туфайли бекор қилган эди.
2024 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Япония бош вазири Фумио Кишида ўртасидаги телефон мулоқотида олий даражадаги учрашувни ташкил этишнинг янги муддатини дипломатик каналлар орқали келишишга аҳдлашилганди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил август ойида Япония ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Китамура Тосихиро «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммитини имкон қадар тез муддат ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкентда Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Ушбу учрашувда ҳам сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликка доир аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, «Марказий Осиё + Япония» форматидаги бўлажак саммит юзасидан ҳам фикр алмашилганди.
Ушбу мулоқот формати таъсис этилганига 21 йил бўлди. Япония собиқ ташқи ишлар вазири Йорико Кавагучининг 2004 йил 26 августда Тошкентга ташрифи чоғида ташкил этилган ушбу ноёб формат Кунчиқар ўлка ва Марказий Осиёнинг бешта давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда самарадор платформага айланди.
Ҳозирга қадар «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари даражасида тўққизта учрашуви ўтказилган.
Япония ташқи ишлар вазири Такэси Иваяга кўра, расмий Токио «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида минтақа билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва биргаликда қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартибни қатъий қўллаб-қувватлаш ниятида.
