Каттақўрғон ҳокими айтган чигитлар нега Қашқадарёда тўхтатиб қолингани маълум бўлди

Каттақўрғон ҳокими айтган чигитлар нега Қашқадарёда тўхтатиб қолингани маълум бўлди

2021 йил 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситалари тўхтатилган.

Ички ишлар ходимларига ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги 94 тонна чигит маҳсулотини “OQ SAROY KLASTER” МЧЖдан “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖга жўнатилганлиги ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган.

Лекин, тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олганлиги тўғрисида электрон “Тикет”, шартнома ва ишончнома бўлмаган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори 2-иловаси 67-бандида, “Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилиши" белгиланган.

“MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖ олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган.

Шундан сўнг, “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖ ходимлари қачонки ички ишлар ходимлари юкни тўхтатиб ўрганишни бошлаганидан 1 суткадан сўнг яъни 29 декабрь куни соат 17-31 да “OQ SAROY KLASTER” МЧЖ томонидан расмийлаштирилиб, “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖга 98,3 тонна чигит юборилгани, лекин сотиб олувчи томонидан ҳанузгача электрон имзо билан тасдиқланмаган электрон ҳисобварақ фактурасининг қоғоз нусхасини тақдим этмаган.

Республикамизда Солиқ қонунчилиги такомиллашиб, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори билан Давлат солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан қочишнинг олдини олиш ва тўғри ҳисоблаш учун электрон ҳисобварақ фактураларнинг ахборот тизими яратилган. Яъни ҳар бир солиқ тўловчи электрон ахборот тизими орқали сотилган товарни харидорга жўнатишдан аввал электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши, олувчи ҳам электрон имзо билан қабул қилганлигини тасдиқлаши лозим. Бу ҳисобварақ-фактуралар Давлат солиқ қўмитасидаги электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида шаклланади ва қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш учун асос бўлади.

(Электрон ҳисобварақ фактурасисиз, қўлда ёзилган қоғоз юк хати билан товарларни реализация қилиш шубҳали бўлиб, юк хати фақатгина ортилган товарнинг йўлдаги текширувлари учунгина фойдаланилиб, кейинчалик йўқотилиши орқали солиқдан қочиш эҳтимоли катта).

Ҳозирда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖ томонидан “OQ SAROY KLASTER” МЧЖдан электрон ҳисобварақ-фактураси расмийлаштирилмасдан чигит маҳсулоти олиб кетилганлиги юзасидан тезкор ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тезкор қидирув тадбирлари ошкора ва ноошкора усулларда ўтказилганлиги сабабли айрим ҳолатлар ошкор этилмайди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!