Катта миқдордаги “Трамадол” таблеткаси савдосининг олди олинди

Катта миқдордаги “Трамадол” таблеткаси савдосининг олди олинди
Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида 30 минг дона Трамадол таблеткаси борлиги аниқланди...
2018 йилнинг 27 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарорига мувофиқ Трамадол , Баклосан каби бир нечта психофаол препаратлар гиёҳванд моддалар ва психотроп воситалар рўйхатига киритилди. Ва айни вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уларнинг ноқонуний айланишига қарши жиддий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Тошкент-Денов йўналишида ҳаракатланиб келаётган Алишер Раҳмонов бошқарувидаги Исузу русумли юк автомашинаси Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Умакай постида тўхтатилди. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида 30 минг дона Трамадол таблеткаси борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситасини фуқаро Бекзод Каримов Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган Кўхинур тўйхонаси олдида Эъзоза исмли аёлдан 34 миллион 500 минг сўмга сотиб олишга келишиб, шундан 15 миллион сўмини беради ва юкни Алишер Раҳмоновга топширади. Ҳайдовчи Алишер Раҳмонов эса уни Сурхондарё вилоятига етказиб бериши керак бўлади.
Яна бир ҳолат. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳудудида Жамолиддин Хурсандов бошқарувидаги юк автомобили текшириб кўрилганда, унинг юкхонасида ҳам 30 минг дона Трамадол борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳрида туғилган Қобил Пўлатов исмли шахс Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида туғилган Олимжон Хурсановга 57 миллион сўмга сотган. Шундан сўнг, у ушбу воситаларни Адҳам Жўрақуловга беради. Адҳам эса уларни юк сумкасига жойлаштириб, Сурхондарё вилоятига кетаётган ҳайдовчи Жамолиддин Хурсандовга топширади ва Денов туманида акаси Акрам Жўрақўлов олишини айтади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!