"Катта еттилик" Хитойни Россияни ҳимоя қилмасликка чақирди

"Катта еттилик" Хитойни Россияни ҳимоя қилмасликка чақирди

“Катта еттилик” давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) Хитойни Россияга ёрдам бермасликка ва Москвага қарши санкцияларни четлаб ўтиб, унинг ҳаракатларини оқламасликка чақирмоқда. Бу ҳақда Германия шимолидаги Вангельс коммунасида (Шлезвиг-Гольштейн федерал штати) уч кунлик йиғилиш якунлари бўйича G7 мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари томонидан қабул қилинган қўшма баёнотда келтирилган.

“Биз Хитойни Россияга Украинага қарши тажовузкор урушида ёрдам бермасликка чақирамиз. Пекин Россия Федерациясига қарши санкцияларни бузишдан тийилиши ва Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини оқлаш учун ахборот манипуляцияси, дезинформация ва бошқа воситалардан фойдаланишдан сақланиши керак”, дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, G7 Ташқи ишлар вазирлари Хитойни қоидаларга асосланган халқаро тартиб бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, халқаро хавфсизликка ҳисса қўшишга ва глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлашда, глобал жамоат товарлари билан таъминлашда, жумладан иқлим ўзгариши, биологик хилма-хиллик ва гендер тенглиги масалаларида ҳамкорлик қилишга чақирди.

“Биз Хитойга БМТ Низомининг “низоларни тинч йўл билан ҳал этиш” тамойилига риоя қилишини ҳамда таҳдид, мажбурлаш, қўрқитиш ёки куч ишлатишдан тийилишини эслатамиз. Биз Хитойни халқаро ҳуқуққа мувофиқ, Украина суверенитети ва мустақиллиги ҳамда халқаро миқёсда тан олинган чегаралари яхлитлигини қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дейилади матнда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!