Каркидон сув омбори тўлиғича Ўзбекистонга берилди

Каркидон сув омбори тўлиғича Ўзбекистонга берилди

Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилояти маъмуриятидаги ваколатхонаси Ўзбекистон билан ер майдонлари алмашилганини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Kloop.

Ўзбекистонга Ўш вилояти Аравон туманининг Туямўйин округидаги, Каркидон сув омбори ёнидаги ер майдони берилган. Унинг эвазига Қирғизистонга Гулбаҳор қишлоғи ёнидаги ер берилган.

Қайд этилишича, чегаралар демаркацияси шу ҳафтада ўтказилади. Ҳар икки ҳудуд ҳам бир хил майдон — 407 гектарга эга.

Ўш вилояти маъмуриятига кўра, ҳудудларни алмашиш ҳақида Қирғизистон анча олдин ташаббус билдирган.

“Бу алмашинувга Қирғизистон томонидан анчадан бери ташаббус билдириб келинганди. Сўнгги музокаралар вақтида чегаранинг демилитацияси бўйича келишувга эришилди” дейди Нурқиз Қодирбек қизи, Ўш вилояти маъмурияти матбуот котиби

Энди сув омборининг бутун ҳудуди соҳилбўйи билан бирга Ўзбекистонга тегишли бўлади. Қирғизистоннинг Каркидон қишлоғи аҳолиси сув омборидан чиқувчи дарёдан фойдалана олади.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни Каркидон сув омбори ёнида маҳалий аҳоли ва ўзбек ҳарбийлари ўртасида можаро келиб чиққан эди. Ўзбек ҳарбийларининг сув омбори ёнида тўсиқлар ўрнатиши маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлганди.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!