Карантиндаги дунё армияси: Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсизми?

Карантиндаги дунё армияси: Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсизми?

Таҳлил

Она сайёрамиздаги бугунги вазият ҳақида бехабар одам бўлмаса керак. Шундай одам топилганда ҳам уни жамият замона кишиси сифатида қабул қилолмасди. Чунки коронавирус балоси биргина миллат ё мамлакат ёки қитъага эмас, балки бутун ер юзига тааллуқли муаммога айланиб улгурди. Ҳа, бугун дунё аҳли шу касалликка қарши курашмоқда. Дунёда ҳозирча ёлғиз Хитойгина бу жангда ғалаба қозонган давлат бўлиб турибди.

Хўш, Хитой коронавирусни қандай енгиб ўтди? Бу курашда армиянинг роли қандай бўлди? Умуман, касалликка қарши курашаётган давлатлар армияси бу кўринишдаги жанговар топшириқни қай тарзда бажармоқда? Қуйида шулар ҳақида ўқийсиз. (Дарвоқе, расмий Пекин коронавирусни Хитойга америкалик ҳарбийлар олиб келган, деган тахминни илгари сурган эди).

Хитойда бошланган жанговар топшириқ

Хитойнинг марказий ҳарбий кенгаши Ухань шаҳрида тарқалган коронавирусга қарши курашга армияни ҳам жалб этади. (Шу тариқа дунё армиялари мана шу кўринишдаги жанговар топшириққа бирин-кетин жалб қилина бошлади). Уханнинг пульмонология госпитали интенсив даволаш бўлимига юборилган ҳарбий шифокорлар маҳаллий шифокорларга эпидемияга қарши курашда катта ёрдам кўрсатди. Шу тариқа Хитой бу касалликни енгиб ўтди.

Ҳозирда Хитой коронавирус вакцинасини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. Эътиборлиси, COVID-19 га қарши вакцина Хитой Халқ Озодлик армияси Ҳарбий тиббиёт академияси олимлари (!) ва маҳаллий фармацевтика компанияларининг мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Француз армияси «дахлсиз душман»га қарши

Францияда ҳам вазият ўта жиддий. Президент Макрон мамлакат фуқароларининг алоҳида сабабсиз уйни тарк этишини тақиқловчи фармонни имзолади. У мактаб, дўкон, кафе ва музейлар ёпилиши етарли чора бўлмаганини айтмоқда.

–Шифокорлар вазият нақадар жиддийлиги тўғрисида огоҳлантирганига қарамай, одамлар хиёбон, бозор ва ресторанларда йиғилишда давом этиб, ҳукумат фармойишларини инкор этмоқда, – деди Макрон 20 дақиқалик миллатга телемурожаатида.

Француз армияси асосан беморларни шифохоналарга ташиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги вазият барқарорлигини таъминлашда ҳам армияга таянилмоқда.

Афғонистонда қизиқ бўляпти

Шу кунга қадар тинчлик нималигини билмай келаётган афғонлар қизиқ воқеаларнинг гувоҳига айланяпти. Толиблар Афғонистон армияси ортидан коронавирусга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

«Толибон»га бўйсунувчи ҳудудларда жангарилар тинч аҳолига коронавирусга қарши қандай курашиш бўйича маслаҳатлар битилган варақалар, совун ва тиббиёт ниқобларини тарқатмоқда. Ҳозирда «Толибон» уюшмаси алоҳида диагностика ва даволаш марказларини ташкил этиш ва ишга тушириш мақсадида фондга маблағлар ажратиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бундан ташқари, толиблар халқаро ташкилотларни ҳам коронавирусга қарши курашда ҳамкорликка чорлаган.

Таъкидлаш жоизки, 24 март санасидан буён толиблар ҳеч қандай жанговар ёки тажовузкор ҳаракатларни амалга оширгани йўқ. Ким билсин, Афғонистондаги тинчлик келишуви масаласида АҚШ эмас, балки коронавирус ёрдам берар.

Қозоғистонда нима гап?

Қозоғистон Қуролли Кучлари дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун биологик ҳимоя бўлинмаларини тузмоқда, полиция эса фавқулодда вазиятда профилактик чора-тадбирларни олиб бориш ва тартибни сақлашга кўмаклашмоқда.

Мамлакатда 15 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 23 март куни Фавқулодда вазиятни назорат қилиш давлат қўмитаси учрашувида Президент Қосим-Жомарт Тоқаев армия ва полицияга профилактик чораларни амалга ошириш ва жамоат тартибни сақлашга буйруқ берди.

Шундан сўнг касаллик тарқалишига қарши профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ва тартибни сақлаш мақсадида мамлакат бўйлаб полиция ва ҳарбий патруллар жойлаштирилди.

Айни вақтда Қозоғистон Қуролли Кучлари биологик ҳимоя бўлинмаларини сафарбар этишга буйруқ берган. Улар индивидуал зарарсизлантириш тўпламлари ва дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган бўлиб, Қозоғистон шаҳарларидаги мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, савдо марказлари, бозорлар, масжидлар, темир йўл вокзаллари, пиёдалар йўлакчалари, бекатлар, хиёбонлар ва майдонларни тозаламоқда.

Ҳарбийлар хорижда қолиб кетган қозоғистонликларни ватанига қайтаришга кўмаклашмоқда. Қирғизистон, Саудия Арабистони ва Қувайтда қолиб кетган 56 нафар қозоқ фуқароси 24-25 март кунлари ҳарбий самолётларда Қозоғистонга олиб келинган.

Шу билан бирга, мудофаа соҳасида фаолият юритадиган «Казахстан инжиниринг» пудратчи корхонаси 25 март куни тиббий муассасаларга 180 та сунъий нафас олдириш аппарати етказиб берилганини маълум қилди.

Германия армияси ёрдамга шай

Германия Қуролли Кучлари – Бундесвер эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, зарур чораларни кўрмоқда. Ҳозирда улар фуқаролик соҳасига ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирмоқда. Бундесвернинг тиббий бўлимларида 20 мингга яқин қўшин бор. Ҳозирга қадар улар фавқулотда вазият юз берса, ёрдам кўрсатиш мақсадида 5 та дала касалхонасининг «кучини синаб кўрди». Ушбу шифохоналарда сунъий нафас бериш мосламаларидан интенсив терапияга муҳтож бўлган оғир беморлар учун жой ҳозирланган.

Оддий вазият учун бу етарли, аммо экстремал ҳолларда ҳозирланган жойлар сони камлигини Бундесвер ҳам яхши англаб турибди. Коронавируснинг на миллат, на элат ва на касб танламаётганини инобатга олиб, немис ҳарбийлари ҳеч бўлмаса ўз-ўзини жой билан таъминлаш масаласини биринчи галда ҳал этишга киришди. Яъни, жойлар кўпайтирилмоқда. Аммо вазият ўта жиддий тус оладиган бўлса, ҳарбийлар томонидан аҳолига ҳам тиббий хизматлар кўрсатилишига ишонтирилмоқда.

Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсизми?

Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, коронавирусга қарши курашда ўз давлатига ёрдам бераётган армиялар ҳам хавфдан ҳоли эмас. Касаллик жанговар сафларга ҳам кириб борган. У давлатлар Қуролли Кучларига-да таҳдид солмоқда. Чунки Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсиз эди ва дунё армиясидаги вазият кундан-кунга ёмонлашмоқда.

Дунё мамлакатлари армиясига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб юқори мартабали ҳарбий хизматчилар касалликни юқтириб олган. Италия, Греция, Эрон, Миср армиялари COVID-19 дан ҳайратда. Италияда ҳатто 9 та генерал касалликка чалиниб, карантинга олинган. Эрон, Миср ва Греция қўшинларида ўлим ҳолати қайд этилди. Эпидемия Бельгияда жойлашган НАТО штаб-квартирасига ҳам етиб борди.

Ҳозирча дунё армиялари ичида энг кўп талафот кўргани бу АҚШ армияси бўлиб турибди. Боиси америкалик ҳарбийлар орасида коронавирусга чалинганлар сони бошқаларникига нисбатан кўпроқ. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу АҚШни бир неча йил қўшма штатлардан ташқари бошқа ҳудудларда жанговар амалиёт ва машғулотлар олиб боришдан чеклаши мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам армия ҳар бир давлатнинг таянчи. У мамлакат тақдирига дахл қиладиган ҳар қандай хавфни бартараф этишда энг олдинги сафларда бўлади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, “Ватанпарвар” газетаси мухбири.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!