Карантинда жиноят: доллар ва пул тўла сейф "гумдон қилинди"

Карантинда жиноят: доллар ва пул тўла сейф "гумдон қилинди"

1 апрель куни Яккасарой тумани ИИО ФМБга 76 ёшли Касам С. мурожаат қилди. Унинг айтишича, 20 март кунидан 1 апрелга қадар бўлган давр ичида номаълум шахслар унинг корхонаси офисига кириб, ичида 4 100 АҚШ доллари ва 45 млн сўм бўлган сейфни ўғирлаб кетганлар. Корхона вақтинчалик фаолиятини тўхтатганлиги боис ўғирлик вақтида қоровуллар бўлмаган.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жиноят жойини синчиклик билан кўздан кечириб, қўл бармоқлари излари ва видеокузатув камералари ёзувлари олинди. Тезкор-тергов тадбирлари давомида аниқланишича, 21 март куни тахминан соат 04.50 да корхона ҳудудига икки нафар номаълум шахслар кириб, 25 дақиқа ўтгач, юк билан чиқиб кетишган. Ушбу факт асосида Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169 моддаси 3 қисми “в” банди бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тезкор-тергов тадбирлар натижасида номаълум кимсаларнинг автомобили русуми ва уларнинг шахслари аниқланди. Гумонланувчилардан бири – 21 ёшли Ойбек К., иккинчиси – муқаддам судланган Эльдар М.лар қўлга олиндилар. Ашёвий далил сифатида уларнинг уйлари ертўласидан топилган сейф олинди.

Тергов давом этмоқда. Уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари аниқланмоқда. Ойбек К. офисни таниши берган калит ёрдамида очганлигини маълум қилди.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!