Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'zbekcha
logo

Карантин: Ўзбекистонда фарзандларига қараётган ота-оналарга йиллик меҳнат таътилини бериш тартиби эълон қилинди

Карантин: Ўзбекистонда фарзандларига қараётган ота-оналарга йиллик меҳнат таътилини бериш тартиби эълон қилинди

«Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Унда коронавирус сабаб барча таълим муассасалари карантинга ёпилгани туфайли боғча болалари ва бошланғич синф ўқувчилари ота-оналарига таътил берилиши шартлари ва тартиблари баён этилган. Низом ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг ходимларга қўлланилади.

Низомга мувофиқ меҳнат таътили берилганда:

  • меҳнат таътили олти ой ишлагандан кейин берилишини инобатга олган ҳолда биринчи йил ишлаётган ходимга ушбу таътил бериш қоидалари қўлланилмайди;
  • меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъи назар навбатдан ташқари берилади.

Агар ходим коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилгандан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки карантин тадбирлари амалга оширилаётган даврда меҳнат таътилини олишни хоҳламаса, иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

  • ходимни масофавий иш усули, мослашувчан иш жадвали ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши мумкин;
  • ходимга меҳнат ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш.

Ходимлар ташкилот раҳбари номига йиллик меҳнат таътилини берилиши бўйича сабаби ва санасини кўрсатган ҳолда ёзма ариза тақдим этади.

Ходимнинг хоҳишига биноан аризада сўралаётган меҳнат таътилининг иш кунларини кўрсатган ҳолда давомийлиги кўрсатилиши мумкин, аммо ташкилотнинг жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатларда белгиланган, меҳнат шартномаси шартларига асосан йиллик меҳнат таътили кунларидан ошиб кетмаслиги керак.

Иш берувчи йиллик меҳнат таътилини аризада кўрсатилган муддатга ташкилотда тасдиқланган таътил бериш жадвалининг муддатига тўғри келиши ёки келмаслигидан, агар таътил биринчи иш йили учун берилаётган бўлса, шу иш йилида ишланган ойлар сонидан қатъи назар беришга мажбур.

Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади. Аммо агар таътил ариза берилган кундан кейинги кун ёки кейинги икки кун ичида талаб қилинган ҳолатларда иш берувчи уни таътил олиш учун ариза олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида тўлаши шарт ва меҳнат таътили ҳақини ходимнинг яшаш жойига етказиб беришни таъминлаши ёки иш ҳақи ва даромадлар билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун мўлжалланган ходимнинг банк картасига тўлаш орқали амалга оширади.

Агар ходим йиллик меҳнат таътилида бўлган даврда мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тикланса ёки ходимнинг меҳнат таътилида бўлиш эҳтиёжи йўқолса, ходим муддатидан олдин ишга чиқиш бўйича ёзма ариза билан мурожаат қилиши мумкин, иш берувчи эса ушбу аризани қондириши лозим.

Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганлиги сабабли ходим таътилга чиққан даврида ходимни таътилдан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 10 апрелга қадар давом этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!