ЖССТ: Ер юзида ҳар 24 сонияда бир нафар одам йўл-транспорт ҳодисасидан вафот этмоқда

ЖССТ: Ер юзида ҳар 24 сонияда бир нафар одам йўл-транспорт ҳодисасидан вафот этмоқда

2018 йилда дунё бўйича 1,35 млн нафар одам йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳаётдан кўз юмган. Бу эса Ер юзида ҳар 24 сонияда бир нафар одам йўл транспорт ҳодисасидан ҳалок бўлганини кўрсатади. Бу ҳақда 7 декабрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган янги йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги ҳисоботда маълум қилинди.

Унда таъкидланишича, 5 ёшгача ва 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ҳамда ёшлар ўлимининг бош сабаби йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ. 

“Ушбу муаммони ҳал қилиш учун тасдиқланган чора-тадбирлар мавжуд. Ушбу ҳисобот ҳукумат ва ҳамкорларга мазкур чораларни амалга оширишда янада кўпроқ ҳаракат қилишлари учун чақириқдир”, дейди ЖССТ бош директори, доктор Тедрос Адҳаном Гебреесус.

Шунингдек, ҳисоботда кучли сиёсат чоралари ва унинг ижро этилиши, мустаҳкам йўл қурилиши ҳамда кучли жамоатчилик компаниялари келгуси ўн йилликларда миллионлаб инсонлар ҳаётини қутқариши мумкинлиги айтилади. 

Маълум бўлишича, мазкур чора-тадбирлар 48 та ўртача ва юқори даромадли мамлакатда йўл-транспорт ҳалокати оқибатидаги ўлим ҳолатларини қисқартиришга ёрдам берган. Бироқ кам даромадли барча мамлакатларда, бу каби чоралар йўқлиги туфайли умумий ўлим даражаси камаймаган.

Кам даромадли мамлакатларда йўл-транспорт ҳалокатларидан ўлиш юқори даромадли мамлакатларга қараганда уч баравар юқори. Энг юқори кўрсаткичлар Африкада (100 минг кишига 26,6 та), энг паст кўрсаткич эса Европада қайд этилган (ҳар 100 минг кишига 9,3).

Америка, Европа ва Ғарбий Тинч океани минтақасида йўл-транспорт ҳодисалари сабабли ўлим даражасининг пасайиши қайд этилган.

Глобал миқёсда барча ўлимларнинг 26 фоизи ёки тўртдан бири пиёдалар ва велосипедчилар ҳисобига тўғри келади. Бу кўрсаткич Африкада 44 фоизни ва Шарқий Ўрта Ер денгизида 36 фоизни ташкил этади. Мотоциклчилар ва уларнинг йўловчилари билан бўлган бахтсиз ҳодисалар туфайли қайд этилган ўлим ҳолатлари – 28 фоиз. Баъзи ҳудудларда эса бу кўрсаткич юқори, масалан, Жануби-Шарқий Осиёда 43 фоиз ва Ғарбий Тинч океани минтақасида 36 фоизни ташкил этади.

ЖССТнинг 2013-2015 йилларда эълон қилган ҳисоботида дунё бўйича 1,25 млн нафар одам йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳаётдан кўз юмгани қайд этилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!