Жиззахга пахта теримига келган эркак ётоқхонада 9 ёшли қизни ўлдириш билан таҳдид қилди

Жиззахга пахта теримига келган эркак ётоқхонада 9 ёшли қизни ўлдириш билан таҳдид қилди

Жиззахда Мирзачўл туманида жойлашган касб-ҳунар коллежига қарашли ётоқхонада 9 ёшли қизни ўлдириш билан таҳдид қилганликда гумонланаётган эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратурадаги манбалари хабар берди.

Аниқланишича, З.Э. ва Г.Э. 2 нафар вояга етмаган қизлари — 9 ёшли М.С. ва 3 ёшли О.С. билан бирга ушбу ётоқхонада яшаб келмоқда.

Мирзачўл туманидаги 9-сонли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, амалиётчи психолог ҳамда 3-синф раҳбари 10 октябрь, пайшанба куни ушбу мактабнинг 3-синф ўқувчиси М.С. билан суҳбатлашганларида, уйларига пахта териш учун келган катта ёшли киши қўлидан ушлаб тортганлигини, у эса унинг қўлини тишлаб қочиб кетганлигини билдирган ва бу ҳақда далолатнома тузилган.

Ҳолат юзасидан М.С.нинг онаси Мирзачўл туман прокуратурасига таклиф қилиниб ариза олинганда, у 2019 йил 29 сентябрь куни оиласи билан истиқомат қиладиган коллеж ётоқхонасида пахта теримига Бахмал туманидан келган ҳашарчиларга ошпазлик қилган А.Т. музлаткичга вақтинча қўйган гўштининг бир қисмини олиш учун уйга пичоқ билан кирганлиги, уйда қизи М.С.га олма билан нон бериб, «олмани синглинг иккаланг еб ўтир», «мен бир оз уйларингда ётиб ухлаб олай» дегани, қизига у одам мени кириб ётганимни онангга айтсанг, сени қўлимдаги пичоқ билан сўяман» деб қўрқитганлиги, қизи қўрққанидан уйдан қочиб чиқиб кетганлигини билдирган.

Туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширишда ушбу ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари олиб бориш йўли билан ҳолатга ойдинлик киритиш, қарама-қарши кўрсатувларга тергов йўли билан баҳо бериш мақсадида А.Т.нинг вояга етмаган М.С.ни ўлдириш билан қўрқитганлиги ҳолати юзасидан 13 октябрь, душанба куни Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши дастлабки тергов харакатларини олиб бориш учун Мирзачўл тумани ИИБ ТБга юборилиб, туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари юзасидан назорат ўрнатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!