Жиззахда қадимги ёдгорлик майдони уй-жой қуриш учун тадбиркорга берилгани маълум бўлди

Жиззахда қадимги ёдгорлик майдони уй-жой қуриш учун тадбиркорга берилгани маълум бўлди

Жиззах ҳақиқати газетасининг 42-сонидаги “Қалия тепанинг қадри йўқми?” мавзусидаги танқидий мақолага Жиззах вилоят маданий мерос бошқармаси муносабат билдирди.

"Қалия тепа (Жиззах шаҳристони) - Мил. авв. IV- XII – мил ХV-ХVI асрларга тааллуқли бўлиб, “Қалия” МФЙ, Бунёдкор маҳалласи, “Б-саноат” ҳудудида жойлашган. Қалия тепанинг шимоли-ғарбида Жиззах шахар ҳокимининг 2009 йил 13 декабрдаги “Шаҳарнинг “Б-саноат” ҳудудидан фуқарога якка тартибда уй-жой қуриши учун ер майдон ажратиш тўғрисида”ги 1647-сонли қарори асосида 0.24 га ер майдони уй-жой қурилиши учун ажратиб берилганлиги аниқланди. Ҳозирги вақтда Қалия тепадан 10 метр узоқликда - муҳофаза ҳудудида баландлиги 3 метр бўлган девор тикланган.

Фуқаро Исаев Акбарга 2019 йил 12 сентябрда Жиззах вилояти Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан қурилиш ишларини тўхтатиш тўғрисида оғзаки, 2019 йил 15 октябрда ёзма равишда огоҳлантириш берилган.

Қалия тепа работи - Ҳожимурод тепа (Комил тепа) - V-VIII асрларга таъллуқли бўлиб, Ёшлик маҳалласи ҳудудида жойлашган. Мухофаза худудидан Жиззах шаҳар ҳокимининг 10.06.2016 йилда 906-сон қарори билан фуқаро Эгамова Кларага савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қурилиши учун 108.0 м.кв. ер майдони ажратилган.

Фуқаро Мустафоқулов Маратга бошқарманинг 13.09.2019 йилдаги 08-сон археологик объектнинг сақланиши тартиб-қоидаларига риоя қилиш юзасидан огохлантириш хати берилган.

Жиззах вилоят маданий мерос бошқармаси фаолияти давомида 10 дан ортиқ юқоридаги ҳолатлар аниқланган. Бундай ҳолатларга шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан чиқарилган қарорлар сабаб бўлган. Маданий мерос қонунчилигига амал қилиш юзасидан тегишли ваколатли органларга, жумладан, шаҳар ва туман ҳокимликларига, вилоят ва туман кадастр бўлимларига хат билан мурожаат қилинган.

Жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратишда тегишли мутасадди ташкилотларга маданий мерос қонунчилигида қуйидагиларни инобатга олиш вазифаси юклатилган:

Жиззах вилояти ҳокимлигининг 2004 йил 27-январдаги “Вилоят ҳудудидаги тарихий, маданий ва меъморий ёдгорликларнинг Давлат муҳофазасини таъминлаш тўғрисида”ги 27-сонли қарори билан маданий мерос объектлари муҳофаза ҳудуди 50 метр этиб белгиланганлигига;

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 12-бўлимида Маданий мерос объектларидан транспорт ва муҳандислик коммуникацияларигача масофалар камида текис рельефда - 50 метр бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилганлигига;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30-мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 265-сонли қарорининг 9-иловаси 2-боб 4-§ да Республика аҳамиятидаги объект археология ёдгорликларининг режалаштирилган чегарасидан 100 метргача бўлган ҳудудда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари (капитал қурилиш ҳамда бино ва иншоотларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш) махсус ваколатли орган билан келишилади".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!