Жиззахда коллеж ходимаси 1 миллион 800 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлди

Жиззахда коллеж ходимаси 1 миллион 800 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлди

Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига Жиззах шаҳар Сайилжойи маҳалласида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси М.Б. шу коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси вазифасида ишлаб келган шахснинг фирибгарлиги важидан мурожаат қилди. 

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизматининг "ANIQ.UZ"га маълум қилишича, талаба М.Б.дан Шароф Рашидов тумани, “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1979 йилда туғилган коллеж ходимаси Ш.Р. фанлардан баҳоларини қўйдириб, коллеж дипломини олиб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига 1 миллион 800 минг сўм пул сўраган.   

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ва вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Фуқаро Ш.Р. коллеж ҳудудида ваъда қилинган пулларни талабадан олаётган вақтда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда Жиззах шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

 

      


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!