Жиззахда фуқаро укасининг ўлимида шифокорни айблаб, уни пичоқлади

Жиззахда фуқаро укасининг ўлимида шифокорни айблаб, уни пичоқлади

Жорий йилнинг 29 июнь куни Жиззах вилоятида фуқаро шифокорни ўлдириш мақсадида қасддан пичоқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, 29 июнь куни соат 10:30ларда фуқаро Ж.К. Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази хирургия бўлимига келади.

У 2005 йилда туғилган укаси Қ.Ж.нинг 2019 йилнинг 26 июнь куни “эхинокок” ташхиси билан операция қилиши натижасида вафот этганлиги сабабли бўлим мудири Т.Ҳ.ни қасддан ўлдириш мақсадида ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан ҳужум қилади. Ж.К. бўлим мудири Т.Ҳ.нинг ҳаёти учун муҳим органлари кўкрагига ва қорин қисмига бир неча марта пичоқ билан уриб тан жароҳати етказади.

Воқеа рўй берган вақтда бўлим шифокори Б.Ғ. уларни ажратиб қолиши натижасида, Ж.Қ. жиноий мақсадини охирига етказа олмайди. Шундан сўнг у  воқеа жойидан қочиб кетган.

Фуқаро Т.Ҳ.га шифокорлар томонидан ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши натижасида унинг ҳаёти сақланиб қолинган.

Воқеа жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, шаҳар прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ва бошқа тезкор ходимлар чиқишган.

Тезкор қидирув чора-тадбирлар натижасида Ж.Қ. Зафаробод тумани, “Узун” қишлоғида ушланиб, қўлидаги ошхона пичоғи ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!