Жиззахда аёл шифокорнинг айби билан бачадонидан айрилди. Шифокор жазоланди

Жиззахда аёл шифокорнинг айби билан бачадонидан айрилди. Шифокор жазоланди

Сафиев Ботир Толипович (исм-шарифи ўзгартирилган) Бахмал тумани тиббииёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими мудири лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозими ва касбига кўра ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлашга масъул бўла туриб, ўз касбига нисбатан бепарволиги ҳамда инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли Камалова Ойсара Норбой қизи 2021 йил 21 июнь куни Бахмал туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексига мурожаат қилиб келган вақтида амалдаги миллий стандартлар бўйича тўлиқ текширувлардан ўтказилиб, чуқурлаштирилган кўриклардан, тиббий муассасада қорин бўшлиғи аъзоларини операциягача ва операциядан кейин ультратовуш текшируви ва ЭКГдан, сийдикни солиштирма оғирлиги ва қонда тромбацитлар миқдори, умумий қон таҳлили текширилмасдан, 2021 йил 21 июнь куни О.Камаловада кесарча-кесиш жарроҳлик амалиётини ўтказган.

Шундан сўнг, Б.Сафиев жарроҳлик амалиётидан кейинги даврда О.Камаловада юқори турувчи муассасалар ходимлари томонидан текширувдан ўтказилиб, консилиумлар ташкиллаштирмасдан, уни операциядан кейинги даврда доимий кузатувга олмасдан, операциядан О.Камаловага миллий стандартлар бўйича антибактерил, инфузион, симптоматик ва индивидуал даволаш чораларини кўриши лозим бўлсада, ушбу даволаш тадбирларини бажармасдан уйига жавоб бериб юборганлиги оқибатида О.Камалова 2021 йил 08 июль куни Бахмал тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуаси гинекология бўлимига соғлиги ёмонлашганлиги туфайли қайта мурожаат қилиб келганида унга “Чилла даври” Метроэндометрит ташхиси қўйилиб ётқизилган ва даво муолажалари самарасиз бўлганлиги ҳамда соғлиғи оғирлашганлиги туфайли, Жиззах вилояти перинатал марказига, тиббиёт ходимларининг назоратисиз йўлланма асосида юборган.

Ўз навбатида, О.Камалова Жиззах вилояти перинатал марказига 2021 йил 10 июнь куни ётқизилиб, клиник-лабаратор текширувлардан ўтказилиб, чилла даври 19-кун, кесар-кесиш операциясидан кейинги ҳолат, метроэндометрит, сепсис, пелвиоперитонит, суринкали камқонлик ўрта оғир даража ташхиси билан ва ҳаётий кўрсатмага асосан “Қуйи ўрта лапоротомия, бачадон экстрпацияси ортиқларисиз, ичаклар битишмасини ўтмас йўл билан очиш, ичаклар орасидаги ва қорин бўшлиғини кўплаб абсцессларини очиш ва санацияси, ичакларни назоэнтерал интубацияси, қорин ва кичик чаноқ бўшлиғини дренажлаш” операцияси ўтказилиб, унинг бачадони олиб ташланган.

Суд мажлисида Б.Сафиев айби иқрорлик билдирмасдан кўрсатув берган бўлсада, унинг айби жабрланувчи О.Камалова ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувлари, жабрланувчи О.Камалованинг аризаси, тушунтириш хатлари, сўроқ баённомалари, комиссион суд-тиббий экспертиза хулосаси, ҳомиладор аёлнинг шахсий варақаси, туғруқ тиббий картаси, операция баённомаси, О.Камалованинг тиббий баённомалари, касаллик тарихи ҳужжатлари, шунингдек жиноят ишида тўпланган ва судда текширилган бошқа далиллар билан исботланган.

Суд томонидан Б.Сафиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 116-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида 2 йилга соғлиқни сақлаш тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда, шунингдек шифокорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда ҳар ойлик иш ҳақининг 20%ни давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилиб, Б.Сафиевга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

Шуҳрат Худоёров,

Жиззах вилоят судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!