Жирканч одат: Бухородаги тўйлардан бирида 180 та тирик аквариум балиғи ўлимга ҳукм қилинди

Жирканч одат: Бухородаги тўйлардан бирида 180 та тирик аквариум балиғи ўлимга ҳукм қилинди

"Каналимиз кузатувчиларидан жудаям аянчли мурожаат келиб тушди. Унда Бухоро вилоятида жойлашган Ҳавас тўйхонасида 21 январь куни ўтказилган никоҳ тўйида, меҳмонлар учун ёзилган дастурхонларда газак учун қўйилган гўшт маҳсулотлари орасида ичимлик ичиладиган идишларга 2 донадан тирик аквариум балиқларини солиб қўйишган", деб ёзади журналист Наргис Қосимова "Ёшлар кундалиги" телеграм каналида.

"Тўй ва маросимларимиз ҳамма вақт ҳам меъёрида, энг яхши анъаналаримизга, урф-одатларимизга асосланган ҳолда ўтказилавермайди. Бизга келиб тушган мурожаат гапимизга исбот бўла олади. Кузатувчимиз “Тўйхонада 30 та стол, унда ҳар бир газак идишига 2 донадан балиқ солинган бўлиб, жами 180 дона балиқнинг уволига қолдик. Балиқчалар солинган идишларга ичимлик суви солинган эди. Табиийки ичимлик суви хлорланган бўлади. Балиқлар эса бу сувда яшай олмайди ва ўлади. Кеча айрим столлардаги балиқчалар ўлиб бўлган эди”, деб ёзади.

2 соатлик тўй учун 180 та декоратив балиқчаларни қийнаб, ўлимига сабаб бўлиш, тўй эгасини обрўсини ошириб, ёшларни бахтли қиладими? Аксинча, эндигина оила қураётган ёшларни ўлган балиқларнинг уволи тутмайдими? Тўй тугагач, тирик қолган балиқлар (агар хлорли сувда тирик қолишса?) нима қилинади? Бундай бедодликлар қайта содир бўлмаслиги учун Бухоро шаҳар Экология бошқармаси, Экопартия вилоят бўлими, Ички ишлар тўй соҳиби ва тўйхона эгасини (рухсат бергани учун) жаримага тортиб, жазо қўллаш зарур! Зеро, бошқалар улардан ўрнак олишмасин, 2 соатлик ҳою-ҳавас дея бегуноҳ жониворлар ўлимига сабаб бўлмасин!

Тўйларни ўтказишда баъзан ҳаддан ошиқ исрофгарчиликлар, дабдабабозлик, шуҳратпарастликлар учраб туради, аммо буниси ошиб тушди. Бир кечалик тўй деб балқиларни бунчалар даражада қийнаш ва уларнинг ўлимига сабаб бўлиш - ваҳшийликдир. Айтилишича, бу ҳолатлар биринчиси эмас экан, балким бошқа тўйларда ҳам бу одат урфга кириб бормоқда. Айтайлик, тўйда ҳамма нарсани мўл-кўл қиламан деб озиқ-овқат, нон ва бошқа маҳсулотларни исроф қилаётганларни ёки мен фалончидан ошириб тўй қилолмайманми, деб маблағни бекорга совураётганларни, тўйни дабдабабозликка айлантираётганларни ва бошқа шу каби иллатларни келтириб чиқараётганларнинг қилмишларини оқлаб бўладими?!

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча оятлар бор. Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!