Жиноятларнинг кўпайишига лоқайдликнинг жазосиз қолаётганлиги сабаб бўлмоқда...

Жиноятларнинг кўпайишига лоқайдликнинг жазосиз қолаётганлиги сабаб бўлмоқда...

Бугун ҳар бир гапимизни ўйлаб гапиришимиз, иложи борича иғво-ю ғийбатлардан ўзимизни узоқ тутишимиз керак. Акс ҳолда тилимизнинг бесуяклиги бизни ҳам қуйидаги воқеа жабрланувчисининг аҳволига солади.

Жасур (исмлар шартли равишда ўзгартирилган) танишлари — Шерали, Ҳамид ва Фурқатлар билан жиноий тил бириктириб, акахонлари Жавлоннинг ўлимига сабабчи бўлган Сардордан қасд олинмаганлиги ҳақида турли ҳақоратомуз гапларни тарқатаётган Шавкатнинг «ақлини киритиб қўйиш»ни мақсад қилишади. Йигитлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун пичоқ ва «бита» таёқлари билан қуролланиб, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Қатартол-2 маҳалласи Бунёдкор кўчаси 20-уйнинг олдига келишиб, одоб-ахлоқ нормалари, урф-одат анъаналари билан белгиланган жамоат тартибини қўпол тарзда бузишади ва дарвозаси олдида поччаси билан гаплашиб турган Шавкатнинг елкасига «бита» таёғи билан уришади.

Ушбу тасодифий тажовуздан ҳимояланиш учун Шавкат уйининг меҳмонхонасига қочиб киради. Бироқ жиноятчилар бу билан кифояланмай, унинг ортидан уй ҳовлисига ғайриқонуний равишда бостириб киришиб, меҳмонхона эшиги ортидан эшикни итариб турган Шавкатнинг қўлларига «бита» таёқлари билан уришади ва меҳмонхона эшигининг ойналарини синдириб, ичкарига киришга эришгач, хона ичида Шавкатнинг боши ва танасининг турли жойларига уриб-дўппослашади. Бу ҳам етмагандек, Жасур ўзи билан олиб келган пичоқни Шавкатнинг думба ва оёқ соҳаларига бир неча маротаба тиқиб олиб, унга оғир жароҳат етказади. Содир этган жиноятининг жазо билан мукофотланишини сўнгги лаҳзалардагина англаб етган жиноятчилар воқеа жойидан яширинишади. Аммо «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади», деганларидек, уларнинг жинояти ошкор бўлди ва муносиб жазога лойиқ кўрилди.

Улар-ку, жазоланди. Бироқ нима учун бундай воқеалар инсонларга ўрнак бўлмаяпти? Бундан ўн йиллар илгари биров-бировни пичоқлабди, деса кўпчиликнинг вужудида титроқ уйғонарди. Ҳатто кимдирнинг бегона бир киши томонидан бесабаб калтакланиши ҳам одамларни ажаблантирарди. Ҳозир ҳамма нарса телевизорда, интернетда очиқ ҳолатда намойиш этилаётган бир пайтга келиб эса сабабсиз содир этилган қотиллик ҳам одамларни таъсирлантирмай қўйди. Қаерга қараманг, биров бировни дўппослаганига, пичоқлаганига гувоҳ бўламиз.

Тўғри, жиноятлар ҳамма замонларда ҳам содир этилган ва, албатта, барчасига муносиб жазо берилган. Бироқ одамлардаги лоқайдликнинг ҳамон жазосиз қолаётганлиги жиноятларнинг янада ортишига сабаб бўлмаяптимикан азиз ўқувчи?!

Т. А. КАСИМОВ

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!