Жиноят ишларини кўришда кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш, дастлабки эшитув, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳақида нималар биламиз?

Жиноят ишларини кўришда кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш, дастлабки эшитув, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳақида нималар биламиз?

Бугунги кунда суд ҳокимиятининг фуқароларимизни ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ролини ошириш борасида юртимизда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йил 18 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Мазкур, қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра:

- Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;

- Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;

-Айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди.

Жиноят процессида кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш, дастлабки эшитув, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳақида нималар биламиз?

Дастлаб, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш нима ва у қандай амалга оширилиши ҳақида тўхталиб ўтсак.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш бу -  суд томонидан амалга оширилиб, гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилишда ўз ифодасини топади.

Бунда, гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув эса:

- жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш;

- айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш;

- номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Қонун талабига кўра дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги лозим.

Демак, дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувларда иштирок эта олишини таъминлайди. Натижада судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари ва кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқаришга, жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципига сўзсиз риоя қилинишига, суд муҳокамаси давомида мақбул далиллардан фойдаланиш учун имкон яратишга хизмат қилади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув – ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган келишув саналади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қонун билан амалдаги Жиноят кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинлаш кўрсатилган.

Юқоридаги янги жиҳатлар ифодасидан кўриниб турганидек, ислоҳотлар суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг қонуний манфаатларини, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари қонуний,  ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Саиджон Бадриддинов,

Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!