Жиддий хатолик! Фарғоналик аёлни "эркак"ка айлантиришди

Жиддий хатолик! Фарғоналик аёлни "эркак"ка айлантиришди

Паспортнинг “жинси” деб ёзилган жойида туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси мутасаддиларининг бепарволиги ва эътиборсизлиги сабабли гўё кичик янглишмовчилик юз беради. Жинси “аёл”деб ёзилиши ўрнига “эркак” сўзи кетиб қолади.

Республика ишчи гуруҳи Қўштепа туманидаги “Лойсон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1955 йил 27 майда туғилган Хосиятхон Ҳакимованинг хонадонига кирганида онахон фуқаролик паспорти сабабли жуда ноқулай аҳволга тушганини яширмади. 

Унга биометрик фуқаролик паспорти 2017 йил 19 апрелда №АВ 6618042 сонли рақам билан берилган. Янги паспорт олганидан онахон паспортни текширмасдан, уйга шошади. Келини қизиқиш билан унга қарар экан, хатоликни кўриб кулади. 

Паспортнинг “жинси” деб ёзилган жойида туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси мутасаддиларининг бепарволиги ва эътиборсизлиги сабабли гўё кичик янглишмовчилик юз беради. Жинси “аёл”деб ёзилиши ўрнига “эркак” сўзи кетиб қолади. 

Яқинда 63 ёшга кирган онахон бир йилдан ортиқ вақт давомида сарсону саргардон бўлди. Паспортимдаги ёзувларни тўғирлаб беринглар, деб эртаси куниёқ қилган мурожаати қачонки янги паспорт олиш учун тўланадиган бож, яъни 65 минг сўм тўловни қайта амалга оширгач бажарилиши айтилди.

– Нега ҳужжатни вақтида пухта қилмадингиз? Паспортдаги бундай хатолик туфайли ҳозиргача бирор муаммо туғилмадими? 

– Соддалик қилибмиз-да, болам. Кўз қурғур ҳам “зренияси” пасайган, очганим билан ўқий олмайман-да. 3 та фарзандим бор эди. Бир ўғлим 2003 йилда 25 ёшида қазо қилган. Ундан битта неварам ёдгор қолди. Иккинчи фарзандим Собиржон Ҳакимов 44 ёшда эди. Паспорт олаётган кунларим қазо қилиб қолувди. 4 та боласи билан келиним бево қолди. Харажатлар катта бўлиб кетди, болажоним. Яна тўлов қиласизлар, дейишганида пулим бўлмаган эди. Кейин кимлардир жарима ҳам тўлайсиз, деганига қўрқиб бормай юраверибман-да. Муаммо ҳозирча бўлгани йўқ. Пенсиямни вақтида олиб турибман. Илгари мактабда ошпаз бўлиб ишлаганман. Бироз йиғиниб, бу йил Шоҳимардонга дам олишга бормоқчи эдим. Аммо у ерга бориб келганлар чегарадан сизни бу ҳолатда ўтказишмайди, дейишди. Бориб юрманг, қамаб қўйишлари мумкин, деб ҳазилу чин айтишди. Шунга қўрқиб юрибман. Лекин ҳар сафар паспортимни очганимда мени “эркак” деб ёзишибди, дея ўзимча кулиб қўяман.

Кулгу-кулги билану, бундай қўпол хатоликка йўл қўйиш уят эмасми?! Устга-устак, нега хатоликни товонини онахондан ундиришга ҳаракат қилишди? 

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқаро Х.Ҳакимова паспортини қайта олиш чоралари кўрилди. Профилактика инспектори ва сектор раҳбарининг ўз ҳудудида уйма-уй юриб, муаммоларни вақтида аниқламагани сабаб, ишчи гуруҳи олдида уларнинг юзи қизарди. 

Лазиз Раҳматов,

журналист

Manba: uza.uz 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!