"Жаслиқ советлар давридаги Сибирь лагерига ўхшаш бўлган "

"Жаслиқ советлар давридаги Сибирь лагерига ўхшаш бўлган "

«Жаслиқ» сўзи тилда худди болалар оромгоҳидек жарангласа-да, аслида у яқин-яқингача жаҳоннинг энг репрессив режимларидан бўлган тизим душманлари изоляция қилинадиган ва қийноқларга солинадиган қамоқхоналардан бири эди.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистоннинг ислоҳотчи президенти Шавкат Мирзиёев уни ёпишга қарор қилган», деб ёзади The Economist.

Ушбу нуфузли нашрнинг 10 август кунги сонида 19-сонли жазони ижро этиш колониясининг тугатилиши тўғрисида мақола чоп этилди.

«Жаслиқ» ўрта асрлар услубидаги варваризмга ўхшаб кетган – 2002 йилда бу қамоқхонада икки маҳбус қайнатилган сувга солиниши ва оқибатда улар ҳалок бўлиши бу фикрни далиллайди. Бу ерда дин ва сиёсат мухолифлари металл таёқ билан калтакланиши, тирноқлари олиб ташланиб, электрошокка дучор қилиниши ҳолатлари ҳам кузатилган», – дея қамоқхонага таъриф берилган мақолада.

Муаллиф ёки муаллифлар жамоаси чўл ўртасида жойлашган бу қамоқхонада ҳаво ҳарорати +45 даражадан -35 даражагача фарқ қилиши, колония Тошкент шаҳридан 1400 км узоқликда, энг яқин шаҳардан 180 км масофада жойлашгани туфайли маҳбуслар қочишни хаёлларига келтиришининг ўзи ҳам имконсиз бўлганини қайд этиб ўтган.

«Жаслиқ худди совет давридаги Сибирь лагерига ўхшаб кетарди ва унинг модели айнан ўша лагерлардан олинган эди», – дея ёзган муаллиф.

Мақолада қамоқхона 1999 йил Тошкентда бўлиб ўтган портлашдан сўнг Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов кўрсатмаси билан очилгани иддао қилинган. 

«Ҳозирги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган сиёсий ва иқтисодий либерал ислоҳотлари билан жаҳонни ҳайрон қолдириб, 50 нафар сиёсий маҳбусни озодликка чиқарди, экстремистик оқимга алоқаси бор деб гумонланган 20 минг кишини қора рўйхатдан ўчирди. 

Шунингдек, Мирзиёев Ўзбекистонда айбни тан олдириш учун қийноққа солиш чораларини тақиқлади; нафақат «Жаслиқ», балки бутун тергов тизимида авж олган зўравонликка чек қўйди», – деб давом этган халқаро нашр. 

The Economist нашрига кўра, ҳукумат вакиллари ушбу колония ёпилишини мамлакатда инсон ҳуқуқлари томон қўйилган қадам сифатида тақдим этаётган бўлса-да, унинг тарихи ва унда маҳбуслар қийноққа солинганини инкор этмоқда.

Мақолада, шунингдек, давлат жиноий масалаларда очиқликни кўпроқ таъминлаши зарурлиги таъкидланган.

«Ислоҳотлар бўлаётганига қарамай, ҳали мамлакатда жиноий ишлар тизимида адлия ярақлаб қўринишидан олдин бажарилиши керак бўлган вазифалар бор. Масалан, жосуслик ишлари ҳануз ёпиқ судларда кўрилмоқда.

Академик Андрей Кубатин махфий сирларни бошқа давлатга етказганликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтамоқда.

Собиқ дипломат Қодир Юсупов устидан суд жараёни эса давом этмоқда. У ташқи ишлардаги фаолиятидан жосусликда гумонланишидан анча олдин кетган бўлишига қарамай, шундай оғир жиноятда айбланмоқда. Юсуповнинг Тошкент метросида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган ҳолда қўлга олиниши унда шизофрения касаллиги бор ёки йўқ, суд қилиш учун психологик ҳолати жавоб берадими, деган саволларни ҳам юзага чиқармоқда», – дейилади мақолада.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!